Ссылки доступа

Қозоғистон Афғонистонга ун транзити учун Ўзбекистондан тарифларни пасайтиришни сўради


Қозоғистон ҳукумати ўзбек расмийларидан Ўзбекистон орқали Афғонистонга темир йўл орқали юк ташиш тарифларини арзонлатишни илтимос қилмоқда.

Бу масала, Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, икки давлат ҳукуматлари ишчи гуруҳининг 17 июль куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган галдаги мажлисида кўтарилган.

Юк транзити тарифлари бўйича имтиёз олиш орқали қозоғистонлик ишлаб чиқарувчилар Афғонистонга ун ва бошқа товарлар экспорти ҳажмини ошириш ниятидалар.

Ўзбекистон ва Қозоғистон бош вазирлар ўринбосарлари Жамшид Хўжаев ва Серик Жумангарин бошчилигидаги икки мамлакат делегациялари бугунги йиғилишда темир йўл орқали юк ташиш бўйича қулай тариф шартларини муҳокама қилиш ҳамда конкрет таклифлар ишлаб чиқиш учун қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олганлар.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудуди орқали Қозоғистонга Афғонистонга ун экспорти ҳажми 2017 йили 1 миллион 209 минг тоннадан ошган. Пандемиядан кейинги йилларда бу кўрсаткич сезиларли даражада пасайган, хусусан, 2021 йили Афғонистонга 536 минг тонна, 2022 йили эса 816 минг тонна қозоқ уни йўлланган. Жорий йилнинг 6 ойи ичида эса Қозоғистондан Афғонистонга бор-йўғи 275 минг тонна ун экспорт қилинган.

Қозоғистон томони Ўзбекистондан темир йўл орқали юк ташиш бўйича тарифларни неча фоизга пасайтиришни сўраётганига аниқлик киритилган эмас.

Остонадаги ишчи гуруҳи мажлисида томонлар чегара масканларидан ўтказилаётган юк ҳажмини ошириш имконияти ва “Хитой – Қозоғистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон” мультимодал транспорт йўналишини фаоллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилганлар.

XS
SM
MD
LG