Ссылки доступа

Мирзиёевнинг инаугурация маросимидан кейинги илк сафари Саудия Арабистонига бўлади


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё - Кўрфаз араб мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги биринчи саммитда иштирок этиш учун 18-19 июль кунлари Саудия Арабистонига сафар қилади.

Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизматига кўра, ташриф Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз ас-Сауд таклифига биноан амалга оширилмоқда.

Хабарномада келтирилишича, бўлажак саммитда Саудия Арабистони, Баҳрайн, Қатар, Кувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Ўмон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари ва кенгаш бош котиби иштирок этиши кутилмоқда.

“Кун тартибига мувофиқ, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади. Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилади”, дейилган хабарномада Жиддадаги саммит доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши режалаштирилгани ҳам қўшимча қилинган.

Бу 14 июль куни учинчи марта президент ўлароқ қасамёд қилган Шавкат Мирзиёевнинг президент сайлови ва инаугурация маросимидан кейин хорижий ўлкага амалга ошираётган илк сафари бўлиб ҳисобланади. Аввалроқ Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 9 июль куни бўлиб ўтган президент сайловида амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 87,05 фоиз овоз билан ғалаба қозонганини эълон қилган эди.

2021 йилдаги инаугурация маросимидан кейин Мирзиёевнинг илк ташрифи Туркияга бўлган, ўшанда у Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг галдаги саммитида иштирок этган эди.

XS
SM
MD
LG