Ссылки доступа

Расман: Фарғонада бир аёлни калтаклаган ва зўрлаган тўрт кишининг иши судга ўтказилди


Фарғона вилояти Бешариқ туманида икки нафар боланинг онаси бўлган аёлни зўрлаган тўрт эркакка нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов якунланди ва судга оширилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси 16 июль куни маълум қилди.

Бундан аввалроқ ижтимоий тармоқларда Бешариқ туманида бир аёл тўрт киши томонидан зўрлангани тўғрисидаги видеолар тарқалган эди. Видеода аёл мажбурий равишда ташландиқ шийпонга олиб келингани, уни тўрт киши дўппослаётгани ва шундан сўнг жинсий зўрланаётгани акс этган.

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасининг билдиришича, видеодаги воқеа 21 март куни А.Й., И.Ю., Ж.С., ва Б.С.,лар томонидан содир этилган. Улар "зўравонлик йўли билан жинсий алоқада бўлганлари”дан сўнг зўрланган аёл Д.У., ни видеотасвирни ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбориш билан ҳам қўрқитганлар.

“Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган”, -дейилади расмий хабарда.

Бошқарма мазкур жиноятда айбланганларга нисбатан жиноят иши 29 июнь куни судга ўтказиб берилганини билдирган.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда аёлларга нисбатан жинсий тажовуз ва турли кўринишдаги зўравонликлар қилинаётгани оид хабарлар тез-тез пайдо бўла бошлади. Май ойининг ўрталарида ижтимоий тармоқларда уч-тўрт нафар эркак автомашина ҳайдаб кетаётган қизни тўхтатиб, гуруҳ бўлиб зўрлаганига оид маълумотлар тарқалган эди.

Май ойида Тошкент вилояти Янгийўл туманида 19 ёшли йигит вояга етмаган қизни 10 кун бўш уйда сақлаб зўрлагани хабар қилинди. Апрелда эса Хоразмда давлат амалдорлари оилавий болалар уйида тарбияланаётган вояга етмаган қизларни 10 ой давомида зўрлаб келгани тўғрисидаги хабарлар жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

Бунинг ортидан аввалги суд инстанцияси озодликдан чеклаш жазосини қўллаган собиқ амалдорлар иши юқори суд инстанциясида қайта кўриб чиқиладиган бўлган.

6 апрель куни Ўзбекистон Сенати аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликлар қилганларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилган қонун лойиҳасини маъқуллаган эди. 11 апрель куни эса президент Мирзиёев қонунни имзолаган.

Мазкур қонунга асосан аёл-қизлар ва болаларга жинсий зўравонлик қилганлар муддатидан аввал озод қилинмайди, жазоси енгиллаштирилмайди. Бундан ташқари, жинсий зўравонларнинг рўйхати тузилади.

XS
SM
MD
LG