Ссылки доступа

Тошкентда Мексика орқали АҚШга жўнатишни ваъда қилган шахслар ушланди


Тошкентда қатор шахсларни Мексика орқали АҚШга жўнатишни ваъда қилган икки киши фирибгарликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент 12 июлда маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Чилонзорда ўтказилган тезкор тадбирда Р.И., исмли шахс Я.М.,нинг ишончига кириб, уни танишлари ёрдамида Мексика орқали Америка Қўшма Штатларига ишлаш учун юбориш эвазига 30 минг доллар олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ДХХ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган Р.П., фуқаро З.С., дан 14 млн сўм олган вақтида қўлга тушди. У 3 500 доллар ва 14 млн сўм эвазига З.С.,га танишлари орқали АҚШ визасини олиб беришни ваъда қилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда Мексика орқали АҚШга жўнатиш “бизнеси” билан шуғулланганликда гумон қилинган шахслар тез-тез қўлга олинмоқда. Масалан, 28 май куни ҳам Самарқандда ватандошларини 30 минг доллар эвазига Мексика орқали АҚШга жўнатишга ваъда берган шахс қўлга олингани ҳақида вилоят Ички ишлар бошқармаси маълум қилди.

19 май куни Озодлик радиоси “ "Америка орзуси"да. Марказий осиёлик мигрантлар Мексика чегарасига оқиб келмоқда” сарлавҳали мақолани эълон қилган эди. Унда Марказий Осиёнинг барча давлатларидан АҚШга ноқонуний ўтиш учун Мексикага юзлаб мигрантлар келаётгани ҳақида гап боради.

АҚШда май ойида кучга кирган янги қоидаларга кўра, муҳожирлар мамлакатга киришга уринишдан олдин бошпана сўраб онлайн ариза топширмаган бўлсалар ёки АҚШга етиб боришдан олдин бошқа мамлакатлардан бошпана сўрамаган бўлсалар, чегарадан қайтарилишлари мумкин.

АҚШга ноқонуний ўтганлар депортация қилинади ва мамлакатдан беш йилга бадарға этилади.

XS
SM
MD
LG