Ссылки доступа

Ўзбекистон Қозоғистон билан чегара тўғрисидаги шартномани ратификация қилди


Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги давлат чегарасининг демаркациясига оид шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Қонун 3 июль куни Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинди. Мазкур шартнома 2022 йилнинг 22 декабрида Тошкентда имзоланган эди.

Озодлик Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев бу шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни 28 март куни имзолагани ҳақида хабар қилган.

Шартномада икки давлат ўртасидаги чегара 2356 километр 666 метр экани белгиланган. Чегара Тошкент ва Остона ўртасида 2021 ва 2022 йилларда эришилган келишувлар асосида демаркация қилинган. Демаркация тўғрисидаги шартнома Қозоғистон президентининг Тошкентга 2022 йил декабрида қилган ташрифи чоғида имзоланган эди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарани демаркция қилиш бўйича музокараларни 2003 йилда бошлаган эди. Чегара белгиларини ўрнатиш жараёни эса 2004 йилдан 2021 йилгача олиб борилган.

Zakon.kz нашрининг билдиришича, икки давлат ўртасидаги чегара Сирдарё ва Келес дарёлари ўзанининг ўзгаргани оқибатида 5 километрга узайган.

“Чегара анъанавий тарзда дарё формати асосида чизилади. Ҳозирда чегаранинг узунлиги 2356 километр 666 метрни ташкил қилмоқда. У 5 километрга узайган”, деб айтган Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василькенко.

Шартномада бундан буён чегарадаги дарёлар ўзанининг ўзгариши чегара чизиғининг ўзгартирилишига асос бўлмаслиги қайд этилган.

XS
SM
MD
LG