Ссылки доступа

Reuters: Marion Biotech йўтал сиропини ишлаб чиқаришда саноатда қўлланиладиган моддадан фойдаланган


Ўзбекистонда 20 чоғли бола ўлимига сабаб бўлган Ҳиндистоннинг Marion Biotech ширкати ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фармацевтикада ишлатиш мумкин бўлмаган моддалардан фойдаланган.

Бу ҳақда Reuters агентлиги вазиятдан хабардор икки манбадан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Агентлик қайдича, Marion Biotech ўз сиропида ишлатилган пропиленгликоль (PG) моддасини Maya Chemtech India ширкатидан сотиб олган. Фармацевтика материалларини сотиш учун лицензияга эга бўлмаган мазкур ширкат вакиллари эса ўзлари сотган пропиленгликолни фақат саноат мақсадида ишлатиш мумкин бўлганини тан олишган.

“Биз Marion Biotech бу моддадан йўтал сиропларини тайёрлашда фойдаланмоқчи бўлганини билган эмасмиз”, деган Maya Chemtech India ширкатининг исми ошкор этилишини истамаган вакили Reuters агентлигига.

Агентликнинг икки манбаси сиропга суюқ кир ювиш воситалари, антифриз, бўёқ ва бошқа заҳарли маҳсулотларни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган пропиленгликоль қўшилганини айтишган.

Мазкур иш билан шуғулланаётган терговчи Marion Biotech ширкати Ўзбекистонга сотган сиропларига қўшишдан олдин бу ингредиентни синовдан ҳам ўтказмаганини қўшимча қилган.

Ҳиндистонда фармацевтика ва косметика маҳсулотларини ишлаб чиқаришга оид тартиб-қоидаларга кўра, ишлаб чиқарувчилар ўзлари фойдаланаётган ингредиентларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун масъулдирлар.

Маълумотларга кўра, бу тафтиш ортидан Maya Chemtech India ширкатига нисбатан айблов эълон қилинган эмас, бироқ тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ўзбекистонга “ўлим сироплари”ни сотган Marion Biotech ширкати аввалроқ ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ҳеч қанақа қонунбузарликка йўл қўйилмаганини иддао қилган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтган йили ўтказилган текширувларда ҳинд ширкати ишлаб чиқарган ДОК-1 Макс ва Амбронолда инсон истеъмол қилиши мумкин бўлмаган диэтиленгликоль ва этиленгликоль моддалари борлиги аниқланган.

Ўзбекистонда “Док-1 Макс” препаратини қабул қилгани ортидан камида 19 нафар бола вафот этгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди. Ҳолат бўйича ДХХ Тергов бошқармаси томонидан “Quramax Medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” масъул шахсларига нисбатан жиноят иши очилган. Тергов доирасида февраль ойида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг қатор масъул лавозимдаги ходимлари, жумладан, агентлик раҳбари Сардор Кариев қўлга олинган.

Кейинроқ мазкур дорини Ҳиндистондан олиб келган “Quramax Medikal” ширкатига берилган лицензия бекор қилинган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) шу йил январь ойида Ҳиндистоннинг Marion Biotech ширкати ишлаб чиқарган “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сиропларини ичмаслик борасида тавсия эълон қилган.

“Ўлим сиропи” деб аталган препаратлар таркибида заҳарли моддалар борлиги тасдиқланиши ортидан Ҳиндистон ССВ Marion Biotech корхоналарида дори ишлаб чиқаришни тақиқлаган, Уттар-Прадеш штати маъмурияти эса ширкатга берилган лицензиянинг амал қилишини вақтинча тўхтатган.

XS
SM
MD
LG