Ссылки доступа

Ислом Каримовнинг ўғли ва Татьяна Каримова ўртасидаги суд ёпиқ тарзда кўрилади


Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судида Ўзбекистоннинг биринчи президенти, марҳум Ислом Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримовага нисбатан фуқаролик ишини кўриб чиқиш бошқа кунга қолдирилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, суд томонларнинг аризасига кўра, номаълум муддатга қолдирилган. Шунингдек, жавобгар томон Ислом Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримова суд мажлисини ёпиқ тарзда кўрилишини сўраб ариза киритган ва бу суд томонидан қаноатлантирилган.

Аввалроқ суд мажлислари жадваллари келтирилган сайтда Пётр Каримовнинг Татьяна Каримовага меросхўрлик ҳуқуқи тўғрисидаги даъвоси бўйича биринчи инстанция судининг мажлиси 26 июнь куни бўлиб ўтиши ҳақида маълумот пайдо бўлганди.

Маълумот учун, қонунчиликка кўра, агар фуқаролик ишида, шунингдек, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан ишда давлат сирига ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга оид маълумотлар мавжуд бўлса ёки фуқаролик иши ёпиқ суд мажлисида кўрилиши шартлиги қонунда назарда тутилган бўлса, суд фуқаролик ишини ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқади.

Пётр Каримов Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг Наталья Кучма билан никоҳидан туғилган тўнғич фарзанди. У 1969 йили туғилган. Шу йили Ислом Каримов ва Наталья Кучма ажрашган. Наталья Кучма 2008 йилда Тошкентда вафот этган.

Озодликка маълум бўлишича, 54 ёшли Пётр Каримов 1990 йиллардан буён асосан Москвада истиқомат қилиб келади.

Тошкент Халқ хўжалиги институтини 1988 йилда битирган Пётрнинг бир муддат банк-молия соҳасида ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг Москвадаги ваколатхонасида ишлагани маълум.

Пётр Каримов 2018 йилда «Ўзбекистон ҳаво йўллари»ни Москва судига берган эди. У 2017 йилда отасининг ўлимидан сўнг ишдан бўшатилганини билдириб, авиаширкатни ўзига берилиши лозим бўлган пул маблағини тўламаганликда айблаган эди. 2018 йилнинг охирларида томонлар ўзаро келишиб олгани туфайли иш тугатилганди.

XS
SM
MD
LG