Ссылки доступа

Наманганда маҳбусни қийноққа солган ички ишлар ходимига озодликни чеклаш жазоси берилди


Наманган вилояти ИИБ Жиноят қидирув бўлими бошлиғи Умид Рауповга тергов изоляторида сақланаётган шахсни қийноққа солгани учун уч йил муддатга озодлик чеклаш жазоси тайинланди, деб хабар берди “Газета.uz”.

Нашр Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди бу борада 8 май куни ҳукм чиқарганини ва унинг нусхаси таҳририят ихтиёрида мавжуд эканини билдирган. Мазкур иш юзасидан суд ҳукми Олий суд ёки маҳаллий суд матбуот хизмати томонидан расман эълон қилинмаган.

Тергов материалларида қайд этилишича, 2022 йил 13 октябрь куни Давлат хавфсизлик хизмати Ф.Ф., исмли шахсни “Тропикамид” ва “Регапен” психотроп дорилари билан қўлга олган. Мазкур ишни ДХХ олиб бораётганига қарамай, Умид Раупов маълумот олиш мақсадида маҳбусни 14 октябрь куни соат 03:31 дан 03:57 гача камерада қийноққа солган, руҳий ва жисмоний босим ўтказган.

Суд-тиббиёт экспертизаси маҳбусда турли тан жароҳатлари борлигини аниқлаган, аммо “соғлиқ бузилишига олиб келмагани учун” жароҳатларни енгил деб топган.

16 март куни Умид Рауповга Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ҳамда 235-модданинг 1-қисми (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазо қўллаш) бўйича айблов эълон қилинган.

Судда Умид Раупов ўз айбига иқрор бўлган.

“Суд судланувчининг айбига қисман иқрорлиги, пушаймонлиги ва оилавий аҳволини инобатга олиб, жазони енгиллаштирди”, деб ёзди “Газета.uz”.

Рауповга 3 йил муддатга ички ишлар органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда уч йилга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

XS
SM
MD
LG