Ссылки доступа

Чилонзор ИИБда 21 ёшли йигитнинг ўлими юзасидан жиноят иши очилди


Тошкент шаҳар Чилонзор ИИБда 21 ёшли йигитнинг ўлими билан боғлиқ ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 208-моддаси (“Ҳокимият ҳаракатсизлиги”) асосида жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди. Расмий хабарда жиноят ишига оид бошқа тафсилотлар айтилмаган.

Озодлик радиоси Чилонзор туман ИИО ФМБга 22 май куни олиб келинган 21 ёшли сурхондарёлик йигитнинг ўлими юзасидан прокуратура текширув бошлагани тўғрисида 30 майда хабар берган эди.

Ички ишлар вазирлигининг 29 майда маълум қилишича, Ҳ.Т., исмли фуқаро шубҳали кўрингани учун 22 май куни эрталаб Чилонзор тумани ИИО ФМБга олиб келинган ва унинг ёнидан 53,52 грамм наша топилган. Мазкур ҳолат юзасидан Ҳ.Т.,га нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Вазирлик билдирувида 22 май куни тахминан соат 18.50 ларда Ҳ.Т., ҳожатхонага киришга рухсат сўрагани ва 4-қаватдаги ҳожатхона деразасидан “пастга сакраши натижасида бош ва тана қисмидан турли жароҳатлар олган”и қайд этилади.

Касалхонага ётқизилган йигитга “бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, бош суягини синиши, тана аъзоларининг гематомаси ташхиси қўйилган. 29 май куни Ҳ.Т., касалхонада вафот этган”.

Бироқ йигитнинг яқинлари маҳаллий нашрларга Ички ишлар вазирлигининг расмий версиясига ишонмасликларини айтганлар ва унинг ўлими сабабига шубҳа билдирганлар.

Бу сўнгги кунларда Ўзбекистон ички ишлар органларида қайд этилган ягона ўлим ҳолати эмас. Тошкент вилояти Бўка туман Ички ишлар бўлимида сўроқ қилинган 1987 йилда туғилган, тўрт фарзанднинг отаси У.С., 3 июнда олган тан жароҳатлари оқибатида касалхонада вафот этган эди.

Ички ишлар вазирлиги туман бу воқеа ортидан ИИБнинг деярли бутун раҳбарияти ишдан четлатилгани, икки тезкор ходим ҳибсга олинганини айтмоқда. Аммо расмий баёнотда ходимларнинг қийноқ қўллагани ҳақида сўз бормайди. Фақат марҳумнинг жасадида тан жароҳати борлиги айтилган.

XS
SM
MD
LG