Ссылки доступа

Олмаотада икки ўзбекистонлик қулликдан қутқарилди


Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси бир неча йил давомида қулликда сақлаб келингани аниқланди. Бу ҳақда Tengrinews.kz полицияга таянган ҳолда хабар берди.

Олмаота Полиция департаментининг билдиришича, ўзбекистонликлар уч йилдан кўпроқ вақт давомида мажбурий меҳнатга жалб қилиб келинган.

“10 июнь куни Олмаота вилоят Полиция департаментининг Уюшган жиноятиликка қарши бошқармаси тезкор олинган маълумот асосида Ўзбекистон Республикасининг икки нафар фуқароси меҳнат эксплуатацияси мақсадида ноқонуний равишда тутқунликда сақлагани аниқланди. 1986 йилда туғилган гумондор А., жабрланувчиларни уч йилдан ортиқ вақт мобайнида Қорасой тумани ҳудудида ушлаб турган”, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 126-моддаси 3-банди (“Ноқонуний равишда тутқунликда сақлаш”) асосида жиноят иши очилди. Гумонланувчи ҳибсга олинди.

Хабарда полиция ўтказган тезкор амалиёт пайтида Ўзбекистоннинг яна 22 фуқароси вилоят ҳудудида тегишли ҳужжатларсиз ишлаётгани аниқлангани айтилади. Уларга нисбатан қандай чоралар кўрилгани тўғрисида маълумот берилмаган.

XS
SM
MD
LG