Ссылки доступа

Чилонзордаги ички ишлар бўлимида 21 ёшли йигит ҳалок бўлди


Тошкент шаҳар Чилонзор туман ИИО ФМБга 22 май куни олиб келинган 21 ёшли сурхондарёлик йигитнинг ўлими юзасидан прокуратура текширув ўтказмоқда, деб билдирди 29 май куни Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов.

Ички ишлар вазирлигининг 29 майда маълум қилишича, Ҳ.Т., исмли фуқаро шубҳали кўрингани учун 22 май куни эрталаб Чилонзор тумани ИИО ФМБга олиб келинган ва унинг ёнидан 53,52 грамм наша топилган. Мазкур ҳолат юзасидан Ҳ.Т.,га нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Вазирлик билдирувида 22 май куни тахминан соат 18.50 ларда Ҳ.Т., ҳожатхонага киришга рухсат сўрагани ва 4-қаватдаги ҳожатхона деразасидан “пастга сакраши натижасида бош ва тана қисмидан турли жароҳатлар олган”и қайд этилади.

Касалхонага ётқизилган йигитга “бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, бош суягини синиши, тана аъзоларининг гематомаси ташхиси қўйилган. 29 май куни Ҳ.Т., касалхонада вафот этган”.

Kun.uz йигитнинг яқинига таянган ҳолда, унинг исми Ҳафизуллоҳ Турғунбоев эканини аниқлади. Марҳумнинг яқини нашрга берган суҳбатида Ҳафизуллоҳ Турғунбоев ўзини “4-қаватдаги ҳожатхона деразасидан ташлаганига ишонмаслиги”ни айтган:

“Ҳафизуллоҳ танасининг бирорта ҳам қисми – на оёғи ва на қовурғаси синган бўлган, балки фақатгина юзи ва бош қисмида жароҳат излари бўлган. Наҳотки 4-қаватдан тушиб кетган инсонни ҳаттоки қўли ҳам синмаса. Бундан ташқари, ИИБ ходимлари унинг оёғи синганини айтганди.

Ҳафизуллоҳнинг гавдаси ҳам каттагина эди, у қандай қилиб ҳожатхона ойнасидан сиғиб кетиши мумкинлигига ҳам ҳайронман. Боз устига ҳожатхона ички ишлар биносида бўлса. Шифокорлардан қандайдир шубҳангиз борми, десам, фикримни фақат судда айтаман, дейишди”, деган марҳумнинг яқини Kun.uz сайтига.

XS
SM
MD
LG