Ссылки доступа

Россия Тергов қўмитаси Волгоградда Қуръонни ёққан шахс ишини Чеченистонга ўтказиб берди


Қуръоннинг ёқилиши бўйича иш Чеченистон аҳолисининг ўзларини “жабрланувчи сифатида тан олиш тўғрисидаги кўплаб мурожаатлари ортидан” Волгоград Тергов қўмитасидан Грознийга ўтказиб берилди, деб билдирди Россия Тергов қўмитаси.

Аввалроқ Россия Тергов қўмитаси Волгоградда Қуръонни масжид яқинида ёқиб юборганини видеога олиб интернетда тарқатган маҳаллий турғун Никита Журавел қўлга олингани тўғрисида маълум қилган эди.

Қўмитанинг билдиришича, видео 19 май куни Волгограднинг Поворинск кўчасидаги жоме масжиди олдида олинган. Қўмита бу видео «Украина Қуролли кучларининг Ахборот-психологик амалиётлар маркази назорати остидаги интернет порталга” жойлаштирилганини иддао қилди.

Тергов қўмитасининг яна бир иддаосига кўра, Журавел терговга Қуръонни “Украина махсус хизматларининг кўрсатмасига асосан 10 минг рубль мукофот эвазига” ёқиб юборганини ва бу воқеа видеосини Украина хавфсизлик хизмати ходимига топширганини “айтиб берган”.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати Журавел сўроқ қилинаётганига оид видеони тарқатди. «Медиазона» видеода кўплаб кадрлар ўрнини алмаштириш ҳолатлари мавжудлиги тўғрисида ёзди.

Гумонланувчи дастлабки терговда ўзининг қўлга олиниши қирувчи самолётларни видео тасвирга туширгани билан боғлиқ эканини айтган. Кейин ёрдамчи йўналтирувчи саволларга жавоб берар экан, у билан «украиналик одамлар»алоқага чиққани ва «пул таклиф қилишгани» ҳақида гапирган.

V1.ru Никита Журавель 19 ёшда, Севастополда туғилган. У сўнгги бир неча йилдан бери Волгоградда яшаб, ўша ердаги давлат ижтимоий педагогика институтида ўқиб келган.

XS
SM
MD
LG