Ссылки доступа

Тошкентда “дом” қурилишига қарши чиққанларга таҳдид қилган ширкат вакиллари 10 суткага қамалди


Тошкентнинг Юнусобод туманидаги 8-мавзеда кўп қаватли уй қурилишига қарши чиққан норозилар билан жанжаллашган қурилиш ширкати вакиллари бўлган Ф.Ж., С.Х., Х.Н., ўн сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Тошкент ИИББ 21 май куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, улар судда Маъмурий жавобгарлик тўгрисидаги кодекснинг 183-моддаси ("Майда безорилик") билан айбдор деб топилган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда 17 май куни Юнусобод тумани 8-мавзеда жойлашган 17, 19 ва 20-уйлар оралиғида яна бир “дом” қурилишига қарши чиққан маҳаллий аҳоли норозилик акцияси ўтказгани, аммо уларга Franchising invest ширкати ходимлари муштумзўрлик қилаётгани акс этган видео тарқалган эди.

Видеода ширкат вакилларидан бири норозилар устига юк машинасини ҳайдаб келаётганини ҳам кўриш мумкин.

Мазкур воқеага Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам 20 май куни муносабат билдирган. Расмий хабарда айтилишича, 2018 йил 5 февралда Тошкент ҳокимининг қарори билан Юнусобод тумани 8-мавзе 17, 19 ва 20-уйлар оралиғидаги 1,23 гектардан иборат автотураргоҳ Franchising invest ширкатига берилган.

Ҳокимият ширкатга “аҳолининг розилигини олиш шарти билан кўп қаватли бино қуриш учун” рухсат берган.

“19 май куни қурилиш ташкилоти Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси томонидан қурилишни аҳолининг розилигисиз бошламаслик, акс ҳолда лойиҳа ва лойиҳа олди ҳужжатлари бекор қилиниши хусусида расман огоҳлантирилди”,- дейилади ҳокимият билдирувида.

XS
SM
MD
LG