Ссылки доступа

Жапаров Хитойдаги саммитда Тожикистон билан чегара масаласига тўхталди


Президент Садир Жапаров 19 май куни Хитойнинг Циан шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Хитой” саммитидаги нутқида Қирғизистон мустақилликка эришганидан бери қўшни давлатлар билан чегара муаммоларини ҳал қилишга конструктив ёндашаётганини таъкидлади.

“Биз Хитой Халқ Республикаси ва Қозоғистон Республикаси билан биргаликда давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилишни муваффақиятли якунладик. Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорликда қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация қилиш ишлари муваффақиятли якунланди. Ҳозир биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан чегарани демаркация қилишни якунлаш бўйича фаол ишлаяпмиз. Биз Тожикистон билан ҳам худди шу йўналишда, дўстлик ва яхши қўшничилик руҳида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, — деди Садир Жапаров.

Жапаров, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ва Хитой таъсисчи давлатлар сифатида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида фаол иш олиб бораётганини таъкидлади. Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви муваффақиятли иш бошлади, бешинчи юбилей учрашуви жорий йилнинг кузида Душанбе шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган. 2022 йил июль ойида Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган тўртинчи учрашувда уч давлат ўртасида яхши қўшничилик ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш бўйича Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди.

Циан шаҳрида “Хитой-Марказий Осиё” саммити бўлиб ўтмоқда. Унда Марказий Осиёнинг бешта давлати – Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон президентлари иштирок этмоқда.

Қирғизистон Тожикистон билан чегарасини ҳали тўлиқ ўрнатмаган. Икки давлат чегарасининг умумий узунлиги 972 километрни ташкил этади. Чегара аниқланмагани боис йиллар давомида турли қуролли тўқнашувлар, инсон ҳаётига зомин бўлган фожиали воқеалар содир бўлди.

XS
SM
MD
LG