Ссылки доступа

Нью-Йоркда террор уюштирган Сайфулло Соипов иши: саккизта умрбод ва 260 йиллик қамоқ жазоси


Қўшма Штатлардаги суд Нью-Йорк шаҳрида террор ҳаракатини амалга оширганликда айбдор деб топилган Сайфулло Соиповга саккизта умрбод қамоқ ҳамдо 260 йиллик қамоқ жазоси тайинлаш тўғрисида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги томонидан 17 май куни ёйинланган хабарномада айтилган.

Асли ўзбекистонлик Сайфулло Соипов томонидан Нью-Йорк шаҳрининг Манҳэттен мавзеида 2017 йил 31 октябрида амалга оширилган ҳужум оқибатида саккиз киши нобуд бўлган, яна 12 киши жароҳат олган эди. Аввалроқ Соипов судда қилмишидан пушаймон эмаслиги ва имкон қадар “кўпроқ” одамни ўлдирмоқчи бўлганини айтган.

АҚШга 2010 йилда кўчиб борган 35 ёшли Сайфулло Соипов қотиллик, одам ўлдиришга қасдланганлик ва “Исломий давлат” экстремистик гуруҳига моддий ёрдам кўрсатганлик каби жами 28 модда бўйича айбланган. У ҳибсга олинганидан кейин ҳужумни амалга оширишга ўзини ИШИД видеолари илҳомлантирганини эътироф этган.

Суд Соиповга нисбатан айблов хулосасининг ҳар бир банди бўйича максимал жазони тайинлаган.

Reuters ахборот агентлиги 26 январь куни айбдор деб топилган Сайфулло Соиповга нисбатан ҳакамлар ҳайъати 6 февраль куни ўлим жазосини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиши кутилаётганини ёзганди.

Президент Жо Байден маъмурияти ўлим жазосини бекор қилиш тарафдори эканини расман билдирган. Шунинг учун ҳакамлар ҳайъати ўлим жазоси тўғрисида қарор чиқарса, бу Жо Байден бошқаруви чоғида федерал даражада илк ўлим ҳукми бўлиши мумкин эди.

Соиповнинг адвокатлари суддан Нью-Йорк прокуратурасини ўз мижозига нисбатан ўлим жазосини талаб қилиш имкониятидан маҳрум қилишни сўраган.

Нью-Йоркдаги қонли ҳужум ортидан кейин АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Дональд Трамп Сайфулло Соиповни ўлимга ҳукм қилишни талаб қилган эди.

Сайфулло Соипов 1988 йил 8 февралида Тошкент шаҳрида туғилган. У 2010 йили 21 ёшида Green Card лотереясида ютиб олгани ортидан АҚШга бориб, бир қанча штатда истиқомат қилган. АҚШдаги танишлари Соиповни радикал исломчи эмас, молиявий муаммолари бор тажовузкор йигит деб таърифлашган.

Тошкентдаги Соиповлар оиласи, иддаоларга кўра, у ўзига тўқ ҳисобланган ва умуман диндор бўлган эмас. Соипов АҚШга жўнаб кетишдан олдин 2005−2009 йилларда Тошкент Молия институтида таълим олган.У институтни тамомлагач, АҚШга кетгунига қадар Тошкентдаги “Саёҳат” меҳмонхонасида ҳисобчи бўлиб ишлаган.

Сайфулло Соипов Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортилмаган ва ҳуқуқ-тартибот органлари эътиборига тушмаган.

XS
SM
MD
LG