Ҳисоботда 2022 йилда жаҳондаги 200 давлатда диний эркинлик вазияти қайндай бўлгани таҳлил қилинган.
Ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмида таъкидланишича, 2022 йилда диний эркинлик учун курашган фаолларни эктремистлик ва террорчилик айбловлари билан қамаш ҳолатлари кузатилган. Жумладан, 27 май куни Қорақалпоғистоннинг Эликқаъла туман суди диндорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш фаоли Алимардон Султоновни экстремистликда айблаб 7 йилга озодликдан маҳрум қилган.
2022 йилнинг 6 майида эса Тошкентда соқол қўган ўнга яқин диндор қўлга олинган ва уларнинг соқоли мажбуран олиб ташланган. Ҳуқуқ фаолларининг таъкидларича, ички ишлар органлари акс ҳолда уларни “15 суткага қамаш билан таҳдид қилган”.
Ҳисоботда билдирилишича, ўтган йил давомида Ўзбекистон ҳукумати тўртта диний ташкилотни – учта черков ва Бахои гуруҳини рўйхатга олган. Аммо 16 диний ташкилотга рад жавобини берган. Бу ташкилотлар 2021 йилдан бери ҳукуматдан расмий рухсатнома ололмаяпти.
Ҳуқуқ фаолларига кўра, Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларда Аброр Мухтор Али каби "таниқли исломчи блогерларнинг аксилнасроний, аксилсемит, аксилғарб ва аёлларни камситишга қаратилган контентлари кўпайган". Ҳисоботда бу чиқишлари ортидан 2022 йил сентябрида Мухтор Аброр Али Ислом академияси ва мусулмонлар диний идорасидаги лавозимлардан бўшатилгани айтилади.
Ҳисоботда АҚШ расмийлари ва дипломатлари Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан учрашувларда мамлакатдаги диний эркинликлар вазиятни яхшилаш масаласига эътибор қаратаётгани қайд этилган.
Ўзбекистонда турли диний фундаменталистик ташкилотларга аъзолик, террорчилик ва экстремистлик айблови билан қамалган 1800 нафар маҳкум бор. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг 15 майда эълон қилинган жаҳондаги диний эркинлик вазияти юзасидан навбатдаги ҳисоботида қайд этилди.