Ссылки доступа

Ўзбекистонлик бокс юлдузи Руфат Рисқиевга IBA томонидан умрбод молиявий ёрдам берилади


Бокс бўйича биринчи жаҳон чемпионларидан бири, 1974 йилда Гавана (Куба) шаҳрида бўлиб ўтган биринчи жаҳон чемпионатида медални қўлга киритган, 1976 йилги Олимпия ўйинлари кумуш медали совриндори, ўзбек боксчиси Руфат Рисқиев Халқаро бокс ассоциациясидан (IBA) умрбод моддий ёрдам оладиган бўлди.

13 май куни IBA президенти Умар Кремлёв Тошкентда 73 ёшли боксчи билан учрашиш учун шифохонага борди ва унга чемпионлик камари билан бирга «Ғалабага бўлган ирода» мукофотини топширди.

«Биз бокс оиламизнинг ҳар бир аъзосига ғамхўрлик қиламиз. Сиз афсона ва бокс асосчиларидан бирисиз. Сиз туфайли ёш авлод ажойиб спортимиз билан шуғулланмоқда. IBA президенти сифатида дунё бўйлаб боксни ва улкан оиламизнинг ҳар бир аъзосини қўллаб-қувватлашни ўз вазифам деб биламан. IBA доирасида биз боксчиларимизга катта ёрдам берамиз, жумладан, моддий ёрдам билан. IBA – бу бокс уйи, биз бир оиламиз», деди Кремлёв.

ЎзА хабарига кўра, Кремлёв IBA номидан Рисқиевга 10 минг доллар миқдорида мукофот пули берди. Шунингдек, ҳар ой IBA томонидан 1 минг доллар миқдорида рағбатлантириб борилиши белгиланди.

“Тошкент йўлбарси” лақаби билан танилган ўзбекистонлик боксчи Руфат Рисқиев 2016 йилнинг сентябрида қорасонга чалингани ортидан оёғи ампутация қилинган.

74 ёшли Руфат Рисқиев 1974 йили жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлганди. Ўз фаолияти давомида у 189 марта жанг ўтказган ва улардан 174 тасида ғалаба қозонган.

XS
SM
MD
LG