Нашр қайдича, 2023 йилнинг дастлабки уч ойи ичида ишлаш мақсадида Россияга 1 миллион 300 минг нафар меҳнат муҳожири кириб келган. Бу эса ўтган йилнинг I чорагидаги кўрсаткичга қараганда 1,6 бараварга кўп.
Россияга энг кўп мигрант йўллаган мамлакатлар орасида Ўзбекистондан кейин иккинчи ўринда Тожикистон (349 минг 357 нафар), учинчи ўринда эса Қирғизистон (172 минг 591 нафар) турибди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг январь-март ойларида Россияга Арманистондан 47 минг 337 нафар, Қозоғистондан эса 34 минг 783 нафар муҳожир иш излаб борган.
Шу ўринда бу рақамлар фақат Россияда расмий рўйхатдан ўтган мигрантларгагина тегишли экани, рўйхатдан ўтмай ишлаб юрганлар сони бундан бир неча баравар кўп бўлиши мумкинлигини урғулаш жоиз.
Аввалроқ маҳаллий нашрлар 2022 йили пул топиш мақсадида Россияга қарийб 3,5 миллион нафар муҳожир келгани, улар ишлаш учун асосан Москва шаҳри ва вилояти (40 фоиз), шунингдек, Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилояти, Краснодар ўлкаси, Иркутск, Свердловск, Амур вилоятлари, Приморск ўлкаси, Татаристон ҳамда Красноярск ўлкаси каби ҳудудларни танлаётгани ҳақида хабар қилишган.
Сўнгги пайтларда Россияга иш излаб борган марказий осиёлик, хусусан, ўзбекистонлик мигрантларни Украинадаги урушга ёки фронт чизиғи яқинидаги ҳудудларда окоп қазишга ёллаш уринишлар бўлаётгани, окоп қазишга борган муҳожирлар пулларини ололмай, сарсон бўлаётганига оид маълумотлар кўпайган.
Жорий йилнинг I чорагида Ўзбекистондан пул топиш мақсадида Россияга 630 минг 859 нафар мигрант кетган. Бу ҳақда “Ведомости” нашри Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) статистикасига таянган ҳолда хабар қилди.