Ссылки доступа

Мирзиёев муддатидан илгари президент сайлови ўтказилишини эълон қилди (видео)


Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови ўтказилишини маълум қилди.

Бу тўғрисидаги фармонни давлат раҳбари янги таҳрирдаги Конституциянинг 128-моддасида мамлакат президентига берилган ваколатдан фойдаланиб имзолаган, дея хабар бермоқда президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Бу ҳақда у 8 май куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик фаоллари билан референдум якунларига бағишланган учрашув якунида маълум қилди. Ўзининг сўларига кўра, президент аллақачон бу ҳақдаги махсус фармонни имзолаган.

Мирзиёев муддатидан илгари президент сайлови ўтказиш қарорини янги конституция қабул қилингани билан изоҳлади.

У "қолган уч ярим йиллик президентлик муддатидан ўз ташаббуси билан воз кечаётгани"ни урғулади.

"Бундай қарорга келиш учун қандай объектив зарурат бор, деган савол туғилиши табиий, албатта. Нима учун қолган уч ярим йиллик Президентлик муддатидан ўз ташаббусим билан воз кечаяпман?

Чунки, ўзингиз кўриб турибсиз, Асосий қонунимизга мувофиқ, биринчидан, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда.

Иккинчидан, янгиланган Конституциямиз Президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни қўймоқда.

Учинчидан, халқимиз биздан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутмоқда.

Тўртинчидан, дунёда ва минтақамизда кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланмоқда", дея Мирзиёевнинг нутқидан иқтибос келтирмоқда президент матбуот хизмати.

“Сайлов Кодекси”нинг 66-моддасига киритилган ўзгартишга кўра, муддатидан илгари президент сайлови президент уни эълон қилганидан кейин 2 ой ичида ўтказилиши керак.

Олий мажлис юқори ва қуйи палаталарига сайловлар учун эса 3 ой муҳлат берилган.

Ўзбекистон ҳукумати расмий Телеграм-каналларида 8 май куни парламент тарқатиб юборилгани тақдирда сайловлар қанча муддат ичида ўтказилиши ҳақида тушунтириш берилди, аммо ҳозирча президент парламентни тарқатиб юбориш қарор қабул қилгани айтилмади.

Муддатидан илгари президент сайлови Шавкат Мирзиёевга 2037 йилгача ҳокимиятда қолиш имконини беради.

30 апрелдаги референдумда президент муддати ҳамда ваколатлари ўзгартирилган янги таҳрирдаги конституция 90 фоиздан ортиқ овоз билан маъқулланганди. Унда президент муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилган.

Кузатувчилар аввал-бошдан референдумдан кўзланган асосий мақсад Мирзиёевнинг президентлик муддатини узайтириш эканини тахмин қилишган.

Референдумни кузатган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти миссияси овоз бериш жараёнлари яхши ташкил этилгани, аммо унда сиёсий рақобат бўлмаганини айтганди.

XS
SM
MD
LG