Ссылки доступа

Тошкентда 9 май куни мушакбозлик бўлади


Тошкентда 9 май куни «Янги Ўзбекистон» истироҳат боғида мушакбозлик бўлиб ўтади. Бундан ташқари «9 май — Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонига асосан «Ғалаба боғи»даги «Матонат Мадҳияси» ҳамда Хотира майдонидаги «Мотамсаро она» монументлари пойига гул қўйилади. Бундай тадбирлар барча вилоятларда ҳам ўтказилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 9 майида Тошкентдаги “Ғалаба боғи” очилишида ўзбекистонликларнинг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки юзасидан янги тарихий фактлар аниқланганини маълум қилганди.

Унга кўра, ўша пайтда республикада яшаган 6 миллион 551 минг аҳолидан 1 миллион 500 мингги урушда қатнашган деб ҳисобланар эди. Сўнгги ҳужжатларда эса Ўзбекистондан фронтга 1 миллион 951 мингга яқин одам мобилизация қилингани қайд этилган.

Президентга кўра, авваллари Иккинчи жаҳон урушида 396 минг ўзбекистонлик ҳалок бўлгани айтилган. Бироқ аслида уларнинг сони, янги ҳужжатларга қараганда, 538 минг бўлган. 158 минг ўзбекистонлик эса бедарак йўқолган.

Шу кунгача Иккинчи жаҳон урушида қатнашган 120 минг ўзбекистонлик орден-медаллар билан мукофотлангани айтиб келинган. Президентга кўра, махфийлиги бекор қилинган ҳужжатларда уларнинг сони 200 мингдан кўп экани таъкидланган.

Бундан ташқари 280 ўзбекистонлик Совет Иттифоқи қаҳрамони ҳисобланар эди. Янги ҳужжатларда эса қаҳрамонлар сони 301 нафар экани, 70 ўзбекистонлик “Шуҳрат” орденининг тўлиқ кавалери экани билдирилган.

Президент эълон қилган сўнгги маълумотларга қараганда, уруш пайтида Ўзбекистонга 1,5 миллион одам, жумладан, 250 минг бола эвакуация қилинган.

XS
SM
MD
LG