Ссылки доступа

Тошкентда Нукус воқеалари юзасидан 31 январда чиқарилган ҳукм бўйича апелляция суди бошланди


Тошкентда Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича жиноят иши доирасида илк маҳкама жараёни юзасидан 16 нафар судланувчи номидан берилган апелляция тартибидаги шикоят аризалари ҳамда тўрт кишининг шартли жазога ҳукм қилиниши бўйича прокуратура киритган протест Олий суднинг жиноят ишлари бўйича суд коллегияси томонидан кўриб чиқилмоқда.

Бешинчи май куни бошланган апелляция судида Қорақалпоғистон Республикаси судининг 31 январдаги ҳукми устидан судланувчилар Даулетмурат Тажимуратов, марҳум Пўлат Шамшетов, Саипназар Қалимов, Султанбек Қаипов, Арсилан Темирханов, Саидабулла Медетов, Нурлан Султамуратов, Аллабай Тўқимбетов, Разбек Бекмуратов, Байрам Сейтниязов, Амирбек Адилбеков, Пўлат Нурниязов, Нурлан Найипов, Бахтиёр Қадирбергенов, Даулетмурат Жиемуратов, Кахарман Сейтимов ва уларнинг адвокатлари томонидан шикоят киритилган.

Биринчи инстанция суди ҳукми билан 6 йилга қамалган Пўлат Шамшетов 4 февраль куни Бухородаги тергов ҳибсхонасида вафот этган. Суд-тиббий экспертизаси ишчи гуруҳи унинг ўлимига ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги сабаб бўлганини билдирган эди.

Ўз навбатида, прокуратура мазкур ҳукмнинг судланувчилар Лолагул Қаллиханова, Азамат Турданов, Ахмет Сметуллаев ва Азамат Нуратдинов га оид қисмига нисбатан протест тақдим этган.

Январь ойи охирида Бухоро вилояти судида ўтган йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларда айбланган 22 кишига нисбатан ҳукм эълон қилинган. Ҳукмга мувофиқ, асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган, яна 17 киши 3 йилдан 8,5 йилгача озодликдан маҳрум этилган, Лолагул Қаллиханова дохил тўрт киши эса суд залидан озод қилинган эди.

Нукус воқеалари бўйича жиноят иши юзасидан яна 39 нафар судланувчига нисбатан иккинчи суд ҳукми эса 17 март куни эълон қилинган. Ўшанда суд судланувчилардан 28 нафарига 5 йилдан 11 йилгача қамоқ жазоси бергани, 11 нафари эса шартли равишда суд залидан озод қилингани очиқланган.

Нукус воқеалари чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.

Аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган. Аммо иккинчи суддаги айбланувчилар орасида ҳам намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринган эмас.

Март ойида Тошкентда бўлиб, ўзбек расмийлари билан учрашган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ҳам уларга Нукус воқеаларидан сабоқ чиқариш бўйича тавсиялар берганини айтган.

XS
SM
MD
LG