Ссылки доступа

Дин қўмитаси турфирмалар орқали Ҳажга борганлар Саудиядан депорт қилиниши ҳақида огоҳлантирди


Ҳаж тадбирини ташкил этиш вазифаси сайёҳлик фирмаси ёки турагентликлар ваколатига кирмайди ва улар орқали Саудияга борганларга жазо чоралари қўлланилади. Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси мана шу тарзда аҳолини огоҳлантирди.

Огоҳлантирувга ижтимоий тармоқларда ҳаж ибодатини ташкил этиш тўғрисида реклама ва эълонлар кўпайиб бораётгани, ҳаж сафарига жўнатишга оид янгиликлар, тўловларни қабул қилиш шакли ва кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида "асоссиз маълумотлар тақдим этилаётгани" сабаб бўлган.

Қўмитанинг билдиришича, ҳукуматнинг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли қарорига асосан Ҳаж ва Умра ибодатларини уюштириш бевосита Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси зиммасига юкланган.

“Қайд этиш керакки, Саудия Арабистони қонунчилигига кўра ҳам, ҳаж сафари дунё давлатларининг ваколатли ташкилотлари билан мазкур мамлакатнинг Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади. Мазкур келишувлар асосида ташкил этилмаган ҳаж зиёратига уриниш ушбу улуғ амалнинг энг муҳим рукнлари бўлмиш – Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида ибодат қилиш имкониятини бермайди”,-дейилади расмий билдирувда

Қўмитанинг билдиришича, Ҳажга "ноқонуний йўллар билан борганлар" Саудия Арабистонидан депорт қилинади ва уларга Саудия Арабистонига ҳар қандай виза билан 10 йил муддатга кириш тақиқланади ҳамда 100.000 саудия риёли (26.000 АҚШ доллари) миқдорида жарима солинади.

XS
SM
MD
LG