Мажмуага “Тўла асарлар тўплами” ёки “Танланган асарлар” деб эмас, балки шарқ анъаналарига хос равишда “Куллиёт” дея ном берилган.
Ҳар бир жилди ўртача 500 саҳифадан иборат “Куллиёт”нинг биринчи ва иккинчи томларига шоирнинг турли йилларда ёзган шеърлари хронологик тартибда жамланган; учинчи ва тўртинчи жилдлардан мақолалар, бешинчи жилддан “Йўлнома”, олтинчи жилддан “Императив”, еттинчи жилддан “Тираниш” асарлари ўрин олган; саккизинчи жилдга суҳбатлар, тўққизинчи жилдга Туркия адабиётидан таржималар, ўнинчи жилдга Европа адабиётидан таржималар, ўн биринчи жилдга шоирнинг рус тилидаги шеърлари ва мақолалари, ўн иккинчи жилдга публицистикаси, ўн учинчи жилдга эса Муҳаммад Солиҳ ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий-оммабоп мақола ва тақризлар киритилган.
"Куллиёт"нинг ўзига хос жиҳатларидан бири унинг лотин алифбоси янги талқинида босилганидир.
Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ 1991 йил декабрида Ўзбекистонда бўлиб ўтган илк президент сайловида Ислом Каримовнинг рақиби бўлган. Сиёсий мухолифатга босимлар ортидан 1993 йилда Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган Солиҳ шундан буён муҳожиротда яшайди.
Ўзбекистон маҳкамаси уни 1999 йилдаги Тошкент портлашларида айблаб, сиртдан узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум этган. 2001 йил декабрида Прага маҳкамаси бу айблар ортида сиёсий сабаблар борлиги важидан Муҳаммад Солиҳни экстрадиция қилиш сўровини рад этган эди.
Ўтган асрнинг 80-йилларида Ўзбекистон ва хорижда ўзбек модерн шеъриятининг энг кўзга кўринган вакилларидан бири деб эътироф этилган Муҳаммад Солиҳнинг китоблари Ўзбекистонда таъқиқланган.
2017 йилда бир гуруҳ ўзбек зиёлилари президент Шавкат Мирзиёевга шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳни реабилитация қилишни сўраб мурожаат қилишганди. Расмийлар бу сўровни жавобсиз қолдирган.
Туркиянинг Истанбул шаҳрида ХХ аср ўзбек поэзиясининг энг йирик намояндаларидан бири Муҳаммад Солиҳнинг 13 жилддан иборат тўплами нашрдан чиқди.