Ссылки доступа

Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромади уч ойда 10,8 фоизга ўсгани иддао қилинди


Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромади, инфляцияни ҳисобга олмаганда, 10,8 фоизга ўсди. Бу ўтган бир неча йил ичидаги рекорд кўрсаткичдир, деб иддао қилди Статистика агентлиги навбатдаги ҳисоботида.

Статиcтика агентлигининг ҳисоб-китобича, бу 2018 йилдан бери энг рекорд кўрсаткичдир. Расман билдирилишича, аҳолининг умумий даромади январь-март ойларида 22,46 фоизга кўпайган. Ундан 11,66 фоизли инфляция даражаси чиқариб ташланганда, аҳолининг реал даромади 10,8 фоизни ташкил қилган. Пул ҳисобида эса бу 144 триллион сўмни ташкил қилади.

Статистика агентлигининг билдиришича, аҳолининг реал даромадлари мос равишда 2022 йилда 5,4 фоизга, 2021 йилда 9,8 фоизга, 2020 йил 7,6 фоизга ўсган.

Расмий статистиканинг бу каби билдирувига айрим иқтисодчилар шубҳа билдирмоқдалар. Жумладан, иқтисодчи Отабек Бакиров бу рақамларга муносабат билдирар экан, ўз телеграм каналида: “Саноат, қурилиш, транспорт ва сервиснинг қатор соҳалари ҳафталаб, ойлаб тўхтаб қолган ва ишчи, ходимларга ўз ҳисобларидан жавоб бериб юборилган бир шароитда, халқаро пул ўтказмалари ўсишдан қисқаришга ўтган даврда аҳоли реал даромадларининг кескин, рекорд даражада ўсишига қайси омил ёки омиллар туртки бўлгани жудаям қизиқ”,- деб фикр билдирди.

Унга кўра, “ўтган ёмон дейиладиган ва тош отиладиган даврда ҳам ўзбек статистикасига ҳеч ким ишонмаган”.

XS
SM
MD
LG