Бу камида 972 киши қатл этилган 2015 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир. 2021 йилда 333 киши қатл этилган. Қатл этилганлар орасида камида уч нафар вояга этмаган ва 16 нафар аёл бор.
“Биз халқаро ҳамжамият фаолроқ жавоб бермаса, 2023 йилда қатл этилганлар сони кескин ошишидан қўрқамиз. Эрондаги ҳар бир қатл, айбловлардан қатъи назар, сиёсийдир”, - дейди IHR директори Маҳмуд Амири Моҳаддам.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг қайд этишича, қатл этилганларнинг аниқ сонини ҳисоблашнинг иложи йўқ, чунки қатл ҳақидаги айрим хабарларни тасдиқлаш имконсиз.
Қатлларнинг деярли ярми, камида 288 таси қотилликда айбланиб амалга оширилган. Бу сўнгги 15 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир. Гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноий ишлар бўйича камида 256 киши қатл этилган, бу 2021 йилга нисбатан деярли икки баравар кўп.
IHR раҳбарининг сўзларига кўра, 2023 йил бошидан буён Эрон ҳукумати аллақачон 150 дан ортиқ одамни қатл қилган.
Ўтган йилнинг кузида республикада 1979 йилги инқилобдан кейинги энг йирик оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди – улар мамлакатнинг барча 31 вилоятидаги 160 та шаҳарга тарқалди. Улар 22 ёшли Маҳса Аминининг ҳибсда ўлимидан сўнг бошланди.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ахборот агентлиги (HRANA)нинг маълум қилишича, камида 475 намойишчи ўлдирилган, 18 240 нафари ҳибсга олинган. Шунингдек, 61 хавфсизлик ходими ҳалок бўлгани хабар қилинган. Март ойи ўрталарида Эрон ҳукумати 22 минг намойишчига амнистия эълон қилингани ҳақида хабар берган эди.