Ссылки доступа

Алина Кабаева Саида Мирзиёева билан жаҳон кубогининг хос меҳмони бўлди


Тошкентда ўтган бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги сўнгги кунида Саида Мирзиёева ва бадиий гимнастика бўйича икки марта жаҳон чемпиони, олимпия чемпиони, Россия давлат думасининг собиқ депутати Алина Кабаева хос меҳмонлар сифатида иштирок этди.

“Газета уз” бу тадбирдан олган суратда Саида Мирзиёева Ғарб санкциялари рўйхатига киритилган Алина Кабаева билан бирга ўтиргани акс этган.

Алина Кабаева 2022 йилнинг ёзида Европа Иттифоқи, Британия ва АҚШнинг санкциялар жорий этилган шахсларнинг “қора рўйхати”га киритилган эди. ЕИ, Британия ва АҚШ ҳукуматлари расман Алина Кабаева Россия президенти Владимир Путин билан “яқин муносабатда” экани ортидан санкцияга тушганини билдирган. Жаҳон ОАВлари Путин ва Кабаеванинг умумий фарзандлари борлиги ҳақида ёзган эди.

Жумладан, Швейцариянинг SonntagsZeitung газетаси 2022 йилнинг 1 майда нашр этилган сонида Владимир Путиннинг 2015 ва 2019 йилларда туғилган икки ўғли борлиги ва улардан бири Швейцарияда истиқомат қилиши ҳақида ёзган эди.

Газета маълумотига кўра, болаларни таги тошкентлик собиқ гимнастикачи Алина Кабаева дунёга келтирган. Кабаева Путиннинг яқинларидан бири сифатида сўнгги пайтларда Ғарб ОАВларида кўп тилга олинмоқда.

XS
SM
MD
LG