ДХХ хабарномасида 43 ёшли элликқалъалик маҳкумнинг Россия томонидан шу йил 30 январь куни Украинадаги қуролли тўқнашувга йўллангани ва ўша ерда ҳалок бўлгани айтилган. Аввал Россияда меҳнат муҳожири бўлиб ишлаган Ф.Х. нима сабабдан қамалганига аниқлик киритилган эмас.
Хабарномада, шунингдек, хорижий давлатларда ҳарбий хизматига ёлланиш қонунан таъқиқланиши ва Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154 моддасига кўра жавобгарликка тортилиши эслатилган. Бу ўзбек расмийлари томонидан ўзбекистонлик маҳкумнинг Украинада ўлгани тасдиқланиши бўйича илк ҳолатдир.
Ўтган ойда Озодлик Самарқанд вилоятининг Булунғур туманига Украинанинг жанг майдонида вафот этгани айтилган икки ўзбекистонликнинг жасади олиб келингани ҳақида хабар қилган эди. Бундан ташқари, таҳририятимизда Украина урушида ўлгани ортидан беш нафар ўзбекистонликнинг Россияда, бир нафари эса Наманган вилоятида дафн этилгани ҳақида тасдиқланган маълумотлар бор.