Ссылки доступа

“Босимни тўхтатинг”. Блогерлар президентдан ёрдам сўради


3 март куни қирқдан зиёд фаоллар президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, Ўзбекистонда “матбуотнинг том маънодаги мустақиллигини таъминлашда” ёрдам сўрашди.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида фаол бўлган журналистлар, блогерлар, ҳуқуқ фаоллари, депутатлар каби 40дан зиёд жамият фаоллари 3 март куни кечқурун президент Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаатнома эълон қилишди.

Тармоқларга жойланган мурожаатномада фаоллар матбуотга нисбатан тазйиқлардан шикоят қилишган:

“Биз журналистлар ва жамоатчилик вакилларини ҳозирга қадар сақланиб қолаётган яширин, лекин кучли цензура ҳам безовта қиляпти. Таҳририятлар, журналистлар, блогерлар, жамиятга ҳар қандай фикр берувчи шахсларнинг фикр билдиришида жиддий тўсиқлар, босимлар, қўрқитишлар сақланиб қоляпти.

Мирзиёев президентликка ўтиргач, блогерларни сўз эркинлиги рамзи сифатида эътироф этиб, уларга йўл берган бўлса, орадан етти йил ўтиб, вазият ўзгаргани, блогерлар кейинги пайтда босимга олинганаётганидан шикоятлар кўпайди.

“Ҳурматли Президент, биз сиздан илтимос қилиб, Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлигини кучлироқ ҳимоя қилишингизни, бу борада конституция ва амалдаги қонун нормалари тўлиқ ишлашини, маълум давлат муассасаларининг журналистларга, матбуотга, блогерларга босимларини тўхтатишда ёрдам беришингизни сўраймиз!”, дейилади журналистлар мурожаатномасида.

Ушбу мурожаатномага имзо қўйганлардан бири, жорий қишда маълум муддат ҳибс қилинган ва маҳкамага тортилган фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров кейинги пайтдаги босимлар сабаб блогерлар сафи торайиб бораётганини айтади:

“Чунки ҳукумат позицияси ўзгарди. Ҳукумат олдин ижтимоий тармоқ орқали чиққан ҳар қандай хабарга муносабат билдиришни мажбурият деб қараётганди. Катта-кичик ҳар қандай хабарга ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар муносабат билдирар эди. Ҳозир оммавий муносабат билдириш тўхтатилди. Блогерлар сўровига жавоб бермаслик ҳақида тепадан маҳаллий ҳокимликларга буйруқ бўлган. Бунинг орқасида ким тургани номаълум”.

Газ ва свет мавзусини фаол ёритган, сенат раиси истеъфосини талаб қилгани ортидан 15 суткалик қамоқ жазосини ўтаб чиққан қашқадарёлик блогер Элмурод Одил ҳам вазият қалтислигини айтади:

“Блогерликни ниҳоятда эҳтиёткорлик билан давом эттиряпман. Аввал ўзгача иштиёқ билан ижод қилардим. Ҳозир нафақат мен, балки барча блогерлар етти марта эмас, етмиш марта ўлчаб, пост чиқаришга, дастурлар тайёрлашга ҳаракат қилишмоқда”.

Элмурод Одил 31 январь куни туҳмат ва ҳақоратда айбдор деб топилиб, 15 суткага маҳкум этилган эди. Бугун Қашқадарё маҳкамаси Элмурод Одилнинг апелляция аризасини қоноатлантирмади. Дастлабки суд қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Жорий қиш блогер ва журналистлар ҳибси ва маҳкамалари кўплиги билан эсда қоладиган бўлди.

1 март куни ижтимоий тармоқ фаоли, блогер Эмине-Лемара Мирзааҳмедова ҳибсга олинди.

Вазиятдан хабардор “Эзгулик” жамияти раҳбари айтишича, Мирзааҳмедова Жиноят кодексининг 5та моддаси: 139, 140, 165, 167 ва 228-моддалари билан айбланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

"Кўзгу" лойиҳаси муаллифи Абдуқодир Мўминов кейинги икки ойда ҳибсга олинган ўнга яқин фаолдан бири. Президент ва унинг куёвларини танқид қилиб келган Мўминов шу йилнинг 8 февралида “фирибгарлик” ва “товламачилик”да айбланиб ҳибсга олинди.

Сабоҳат Абдуллаева ўғлининг ҳибсга олинишини унинг блогерлик фаолияти билан боғлайди ва Абдуқодирнинг ҳаёти учун блогерларни сўз эркинлигига ишонтирган Мирзиёевни масъул деб ҳисоблайди.

Абдуқодир Мўминовнинг ҳибсга олиниши Human.uz нашрининг Тошкентдаги идорасига уюштирилган рейд ва қатор журналист ҳамда блогерларга қарши жиноят иши фонида юз берди.

27 январь кунги рейд пайти Human.uz сайти директори Хуршид Далиев дохил жами ўнга яқин киши қўлга олинган. ДХХ уларни Telegramдаги «Kompromat.uzb» каналида жиноий фаолият олиб борганликда айбламоқда ва “товламачилик” моддаси бўйича иш очган.

Айни пайтда Далиев билан биргаликда ҳибсга олинган бошқа шахсларнинг тақдири ҳам номаълум қолмоқда.

Жумладан, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева ҳибсга олинганидан қарийб бир ой ўтиб, унинг аҳволи борасида жамоатчиликка бирор нарса маълум эмас. Мирзаева дастлаб суд санкцияси билан 10 кунлик ҳибсга олинган эди.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига кўра, Мавжуда Мирзаева ҳамон ДХХ тергов ҳибсхонасида ушлаб турилибди.

Мавжуда Мирзаева ҳибсга олинишидан икки ҳафта аввал Озодлик мухбирига боғланиб, ўзига қарши жиддий босим бўлаётгани ва уни қамашлари мумкинлигидан хавотир билдирганди. Ўша пайтда Мирзаева ўзига қарши босимларни Ташқи миграция агентлиги мансабдорларига нисбатан очилган жиноят иши билан боғлаган эди. Январь ойининг охирида эса Мирзаеванинг ҳибсга олиниши «Kompromat иши» доирасида экани айтилди.

Бироқ расмийлар Мирзаеванинг ҳибсга олинишидан бир ой ўтиб ҳам, унга қарши айбловлар борасида бирор маълумот берганича йўқ.

Шунингдек, «Kompromat иши» доирасида ҳибсга олингани айтилаётган “Ўзбекнефтгаз” компанияси матбуот хизмати раҳбари Сиёвуш Ҳошимовнинг ҳам тақдири номаълум қолмоқда.

Терговга яқин манбаларнинг Озодликка билдиришича, «Kompromat иши» доирасида ҳибсга олинганлар гўёки "уюшган жиноий гуруҳ аъзолари" сифатида кўрилмоқда. Kompromatuzb Телеграм каналида “амалга оширилган жиноятлар” нималардан иборат экани ҳақида ҳозиргача ҳеч қандай маълумот йўқ. ДХХ тергов қилаётган шов-шувли “Kompromatuzb иши” тафсилотлари жамоатчиликка қоронғилигича қолмоқда.

Ўтган ҳафта президент Шавкат Мирзиёев кўпчилик оммавий ахборот воситаларини “ёпиш”ни таклиф қилаётгани, лекин ҳеч қачон бундай қилмаслигини таъкидлади. Президент матбуот хизмати ёйинлаган қисқа видеолавҳада ОАВни кимлар, қай усулда ёпмоқчи бўлгани мавҳум қолган.

Президентнинг ушбу чиқиши мамлакатда журналист ва блогерлар турли айбловлар билан қамалаётган паллага тўғри келгани боис баъзи фаоллар баёнотнинг самимийлигини шубҳа остига олган.

XS
SM
MD
LG