Ссылки доступа

Ўзбекистон куч ишлатар тизимларида кадрлар алмашинуви амалга оширилди


23 февраль куни Ўзбекистон президенти фармони билан Салом Самадов Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари лавозимига тайинланди. У шу пайтга қадар Қашқадарё вилояти прокурори лавозимида ишлаб келаётганди.

Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, президент фармони билан полковник Шавкат Раҳмонов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари – Тезкор-қидирув Департаменти раҳбари этиб тайинланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири буйруғига кўра, полковник Шуҳрат Алиев Наманган вилояти ИИБ бошлиғи этиб тайинланди. У шу кунга қадар Бухоро вилояти ИИБга раҳбарлик қилиб келаётганди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил декабрида Олий Мажлисга қилган мурожаатида ҳар икки идора - Бош прокуратура ҳамда ИИВни инсон ҳуқуқлари бузилиш ҳолларига етарли даражада эътибор қаратмаётгани учун танқид қилган эди.

“Охирги пайтларда айрим ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилмоқда”, деган Мирзиёев.
Ўтган йили ИИВ вақтинчалик сақлаш ҳибсхоналарида уч нафар гумондор вафот этган.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов маҳаллий журналистларнинг жамоатчиликка шахсан ҳисоб бериш ҳақидаги талабларини жавобсиз қолдирган.

Айни пайтда Бош прокуратура ва ИИВ тизимидаги охирги кадрлар ўзгаришининг мамлакатдаги инсон ҳуқуқларининг аҳволи билан қанчалик алоқадорлиги маълум эмас. ИИВга яқин манбанинг Озодликка айтишича, ўзгаришлар "тизимда тартиб-интизомни мустаҳкамлаш мақсадида" амалга оширилмоқда.

XS
SM
MD
LG