Ссылки доступа

Ўзбекистон президенти 26-27 январь кунлари Қирғизистонга ташриф буюради


Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Президенти Администрацияси ташқи сиёсат бўлими мудири Муратбек Азимбакиев маълум қилди.

“Ташриф давомида Садир Жапаров билан икки томонлама музокаралар ўтказиш режалаштирилган. Мамлакатлар раҳбарлари тор ва кенгайтирилган таркибда Қирғизистон-Ўзбекистон стратегик шериклигининг кенг кўламли масалаларини, шунингдек, муносабатларни янада ривожлантириш режаларини муҳокама қиладилар”, — деди Муратбек Азимбакиев.

Бундан ташқари, қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи арафасида Бишкекда икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган Қирғизистон-Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтади.

Қирғизистон ва Ўзбекистон парламентлари томонидан 2022 йил ноябрида ратификация қилинган чегара тўғрисидаги шартнома ва Кампиробод сув омборини биргаликда бошқариш тўғрисидаги шартнома имзоланадими ёки йўқми, аниқланмаган. Бунгача Бишкекда Қирғизистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари томонидан ҳужжатлар имзоланган эди. Ратификациядан сўнг икки давлат президентлари Садир Жапаров ва Шавкат Мирзиёев ратификация тўғрисидаги қонунларни имзоладилар.

Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи 2022 йил 10 декабрь куни бўлиши керак эди. Бироқ, кейинроқ ташриф қолдирилгани хабар қилинганди.

Қирғизистонда Ўзбекистон билан тузилган шартномани парламентда муҳокама қилиш жанжаллар билан кечди, Кампиробод сув омборини кўчиришга қарши чиққан сиёсатчилар ва фаоллар “оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда” гумон қилинди. Бу иш бўйича жами 26 киши ҳибсга олинган.

XS
SM
MD
LG