Ссылки доступа

Uzbekistan Airways тўртта Boeing самолётини сотмоқчи


Uzbekistan Airways ўз тасарруфида бўлган 37 та самолётдан 4 тасини сотувга қўйди. Авиаширкат расмий сайтида қайд этилишича, 1999 йили ишлаб чиқарилган иккита Boeing 757, 2003-2004 йилларда ишлаб чиқарилган иккита Boeing 767 хусусийлаштириш дастури асосида сотилади.

Айни пайтда авиаширкат 14 та Airbus A320, 9 та Boeing 767, 7 та Boeing 787, 5 та Airbus A321, 2 та Boeing 757 самолётларига эга.

Расман билдирилишича, Давлат активларини бошқариш агентлиги савдони уюштириш учун Британиянинг ACC Aviation ширкатини маслаҳатчи сифатида ёллаган. Авиаширкат билдирувида самолётларнинг нархи тўғрисидаги маълумотлар берилган эмас.

Президент матбуот хизмати 14 декабрда Turkish Airlines ширкатининг 2015−2022 йиллардаги собиқ раҳбари Илкер Айжи Uzbekistan Airways компаниясини ислоҳ қилишга жалб қилингани тўғрисида хабар берганди.

Режага асосан авиакомпанияда корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш, ҳаво кемаларини кўпайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва юк ташиш тармоғини кенгайтириш, хорижий инвесторларни жалб этган ҳолда авиакомпанияни жаҳон стандартлари асосида хусусийлаштириш назарда тутилган.

Бундан ташқари Uzbekistan Airways чипталарини арзонлатиш масаласи ҳам кун тартибига киритилган.

XS
SM
MD
LG