Ссылки доступа

Туркманистон Ўзбекистонга газ экспортини қайта тиклади


Ўзбекистон 21 январдан бошлаб Туркманистондан газ импорт қилишни яна бошлади. Лекин айни пайтда импорт қилинаётган газ ҳажми аномал совуқ бошлангунига қадар бўлган меъёрдан анча пастдир. Бу ҳақда “Газета.uz” “Ўзтрансгаз” ширкатига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Туркманистон Ўзбекистонга газ экспортини 12 январда тўхтатган эди. Ўшанда бунга “Галкиниш” кони коммуникацияларида гидрат пайдо бўлгани сабаб қилиб кўрсатилганди.

Хабарда айтилишича, 21 январдан бошлаб Туркманистон Ўзбекистонга кунига 4,8 миллион кубометрдан газ бера бошлаган. Бугунга келиб эса бу миқдор 12,6 миллион кубометрга етган. Кейинги кунларда сотиб олинаётган газ ҳажмини кунига 16 миллион кубометрга етказиш режалаштирилган.

Ўзбекистон 2022 йилнинг декабрида қиш мавсумида қўшимча 1,5 млрд куб метр табиий газ етказиб бериш бўйича Туркманистон билан келишувга эришган эди.

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов томонидан 12 декабрь куни Ашхободда имзоланган мазкур шартномага мувофиқ, Туркманистон ўз қўшнисига кунлик қўшимча 20 миллион куб метр табиий газ етказиб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

2022 йилнинг декабрида “Туркменгаз” давлат концерни 11 ой ичида Ўзбекистон Туркманистондан 1,03 миллиард долларлик табиий газ харид қилгани ҳақида билдирган эди.

XS
SM
MD
LG