Ссылки доступа

“Чегара билмас мухбирлар” Тожикистонни цензура учун танқид қилди


“Чегара билмас мухбирлар” (RSF) халқаро ташкилоти Тожикистонни доимий цензурада бўлаётганликда танқид қилиб, 2022 йилда судланган журналистларни озод қилишга чақирди.

Тожикистонда сўнгги уч ой ичида етти нафар журналист ва блогер 7 йилдан 21 йилгача бўлган турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Улар, хусусан, ёлғон маълумот тарқатиш, экстремистик жамиятда қатнашиш ва тақиқланган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишда айбланган. Журналистларнинг ўзлари ва уларнинг яқинлари бу айбловларни рад этишмоқда.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ўз ҳисоботида қайд этилишича, маҳкум журналистлар ва блогерлар долзарб мавзуларда видеолар ёзган ёки суратга олган, бу эса маҳаллий расмийларга ёқмаган. “Октябрь ойи бошидан бирин-кетин журналистлар ва блогерларга ҳукми чиқарилди. Бу ҳукмлар Тожикистондаги ўз фикрини айтишга журъат эта олган мустақил журналистлар учун ўзига хос огоҳлантиришдир”, — дейилади ташкилот ҳисоботида.

Тожикистон Мустақил оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ТМОАВМА) раиси Нуриддин Қаршибоев “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотига “ҳокимият Тожикистонда жамоатчилик фикрини назорат қилмоқчи”, эканлигини айтган. "Бу охир-оқибатда мамлакат обрўсига жиддий зарар этказиши мумкин", деб қўшимча қилди ТМОАВМА раҳбари.

Камида уч нафар маҳкум журналист тергов изоляторидан ёзган мактубларида руҳий ва жисмоний босим остида айбларини бўйнига олишга мажбурланганини қайд этган.

“Қийноқлар, терроризмга доир айбловлар, мажбурий иқрорлар ва ёпиқ суд жараёнлари президент Имомали Раҳмоннинг авторитар ҳукумати томонидан танқидий овозларни бостириш учун қўлланиладиган кенг тарқалган тактика”, - дейилади “Чегара билмас мухбирлар” ҳисоботида.

RSF Тожикистон ҳукуматини мамлакатдаги қўрқув муҳитини тарқатишга чақиради.

Маҳкум журналистлар ва блоггерлар ўз ишларини қайта кўриб чиқишни талаб қилишди, бироқ Тожикистон расмийлари қатъийлигича қолди. Тожикистон Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Шавкат Лутфуллозода ўтган ой «Озоди» радиосининг мактубига жавобан “Журналистларнинг жиноий иши судлар томонидан қонун доирасида белгиланган тартибда кўриб чиқилди”, деб ёзган эди.

Тожикистон “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тузилган матбуот эркинлиги бўйича мамлакатларнинг сўнгги рейтингида журналист ва блогерлар ҳибсга олинишидан сал аввал 180 мамлакат ичида 152-ўринни эгаллади. Бир йил аввал мамлакат ушбу рейтингда 162-ўринни эгаллаган эди.

XS
SM
MD
LG