Ссылки доступа

Тожикистон президентининг куёви расман Миллий банк бошқарувидан четлаштирилди


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 2022 йил 13 декабрдаги фармони билан куёви Жамолиддин Нуралиевни Миллий банк бошқаруви таркибидан четлатди.

Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинган фармонга мувофиқ, Миллий банк раиси ўринбосари Фируз Шарифзода ва Алижон Салимзода мамлакат бош молиявий тартибга солувчи орган бошқарувининг янги аъзолари этиб тайинланди.

Тожикистон президентининг 45 ёшли куёви Жамолиддин Нуралиев жорий йилнинг июнь ойи бошида Миллий банк раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан четлаштирилган эди. Унинг ишдан бўшатилиши жамиятда кўплаб миш-мишларга сабаб бўлди.

Озоди радиосининг айрим манбалари август ойида президентнинг куёвининг ишдан бўшатилиши президент оиласидаги можаро билан боғлиқлиги ва Нуралиев тез орада янги лавозимга тайинланишини айтган эди. Аммо у бирон бир лавозимга тайинланганми ёки йўқми, ҳозирча номаълум.

Европа Иттифоқининг Тожикистон Республикасидаги делегациясининг собиқ раҳбари Мерилин Ёзефсон хоним жорий йилнинг август ойида Нуралиевни «юлдуз» деб атади ва унга “ўзи каби қолишини, ўзининг юксак мақсади сари боришини” тилади.

Тожикистондаги амалдаги банк тизимининг «меъмори», АҚШда таълим олган Жамолиддин Нуралиев ҳукуматда «ғарбпараст» саналади. Сўнгги йилларда Нуралиев халқаро молия институтларидаги тажрибасини инобатга олиб, Халқаро валюта жамғармасидан узоқ кутилган имтиёзли кредитни жалб этиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Нуралиев аввалроқ ХВЖнинг кўплаб олд шартлари бажарилгани, ҳозирда Кенгайтирилган кредит дастурини қайта тиклаш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилган эди. Хусусан, Тожикистон ҳукумати ушбу кредит муассасаси шартларини бажариб, иккита муаммоли банкни (Тожиксодиротбанк ва Агроинвестбанк) тугатиш масаласини ҳал қилди, шунингдек, “Барки Тожик” энергетика холдингини қайта ташкил этиш доирасида иккита янги қўшма банк тузди.

2008 йилда ХВЖ “Ernst&Young” аудитидан сўнг Тожикистон Миллий банкини ушбу тузилмадан 47 миллион доллар кредит олиш учун нотўғри маълумот берганликда айблади. Ўшанда Миллий банк бу айбловга рози бўлиб, ушбу кредитни муддатидан олдин тўлашга ваъда берган. Бу жанжалдан кейин ХВЖ Тожикистонга катта миқдордаги кредитлар бермаяпти ва Тожикистондаги турли тузилмаларни ривожлантириш учун техник ёрдам кўрсатиш билан чекланмоқда. Нуралиевнинг ХВЖ билан тил топишишга уринишлари бесамар кетди.

Нуралиев Тожикистон Миллий банкида ишлаган йиллар давомида 4 та банк банкрот бўлган. Республика тижорат банклари – «Тожиксодиротбанк», «Агроивестбанк», «Фононбанк» ва «Тожпромбанк»даги муаммолар Нуралиев Миллий банкка қўшилишидан анча олдин бошланган, бироқ банкротлик ва кредит ташкилотларининг мулкини сотиш жараёни узоқ йиллар давом этган.

Нуралиев раҳбарлигида амалга оширилаётган лойиҳалардан бири – халқаро молия бозорида давлат қимматли қоғозлари (еврооблигациялар) савдоси. 2017 йилнинг кузида Тожикистон давлат облигациялари фонд бошқарувчиларига, жумладан, АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи мамлакатлари инвесторларига сотилган.

Президент Раҳмон 2019 йил май ойида банк тизими ходимлари билан учрашувда Миллий банк фаолиятини танқид қилган ва унинг раҳбарларини “давлат ичида давлат яратмасликка” чақирган эди. Шунингдек, у айрим ҳолларда банк мутасаддилари томонидан гаровсиз шахсларга ноқонуний равишда кредитлар берилгани, кейинчалик қайтарилмагани ҳам қайд этилган.

XS
SM
MD
LG