Ссылки доступа

Мирзиёев 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб эълон қилди


Ўзбекистонда 2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили бўлади. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаати чоғида билдирган.

Мирзиёев кейинги йилга нима учун бундай ном берилганини изоҳлаган.

“Биз Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа этиб белгиладик. Аслида ҳам, бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз, бу – бунёдкор халқимиз, дуогўй ота-оналаримиз, навқирон авлодимиз эмасми? Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қилаяпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз”, деган президент ўз мурожаатида.

Ўтган йилги мурожаатида Ўзбекистон президенти 2022 йилни "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эълон қилишни таклиф этган эди.

Бугунги чиқиши давомида Мирзиёев келгуси йилдан ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгаришини қайд этиб, энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилишига эътибор қаратган.

Президентга кўра, кўп вазирлар ўзгаради, давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 30-35 фоизга қисқаради, иқтисод қилинадиган маблағлар эса ижтимоий масалаларга йўналтирилади.

XS
SM
MD
LG