“Мен ҳар доимгидек, АҚШ Ўзбекистон суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини дастаклашда собит эканини таъкидлайман. Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарасини демаркациялашга эришганини олқишлайман. Бу минтақадаги бошқа давлатларга чегара масаласини дипломатик йўл билан ҳал этиш мумкин деган кучли муждадир. Диний эркинлик, мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича Ўзбекистон олиб бораётган реформаларни юқори баҳолаймиз”,- деди Блинкен.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги делегация 12 декабрда Вашингтонгга келган эди. Делегация 14 декабргача Америка Қўшма Штатларида бўлади.
ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, ўзбек делегацияси Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик мулоқотининг иккинчи йиғилишида иштирок этади.
29 ноябрда Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Қирғиз-ўзбек давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисида”ги шартномани ва “Кампиробод (Андижон) сув омборининг сув захираларини биргаликда бошқариш” келишувини ратификациялаш тўғрисидаги икки қонунни имзолаган эди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати эса 30 октябрда Шавкат Мирзиёев ҳам Қирғизистон билан чегарага оид қонунларни имзолаганини билдирган.
Мазкур шартноманинг имзоланишига қарши чиққан қирғизистонлик 30 га яқин фаол ва мухолифатчи “оммавий тартибсизликларни уюштиришга уруниш” айблови билан қамоққа олинган. Қўлга олинганлар буни “сиёсий қувғин” сифатида баҳоламоқда.
Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон билан эришилган шартнома тўғрисида “фитначилар нотўғри маълумотларни тарқатаётгани”ни иддао қилиб келади. Ҳуқуқ фаоллари ва халқаро ташкилотлар Бишкекни қўлга олинган фаоллар ва мухолифатчиларни зудликда озод этишга чақирмоқда.