Аниқланишича, ушбу қозон 1993 йилда Паяриқ тумани "Муҳаммади" қишлоғи фуқароси ўша вақтда мактабда директор бўлиб фаолият юритган Анвар Шоғдоров томонидан Қароқчи тоғи ва Тешиктепа археологик ёдгорлиги оралиғидаги адирдан канал қазиш вақтида топиб олинган. Фақат уни топиб олганлар унинг ноёблигини билмасдан, уй –рўзғор ишларида фойдаланиб келишган.
Қозоннинг баландлиги 37 см, оғиз қисмининг диаметри 52 см.ни ташкил этади. Қозон Еттисув воҳаси сак қабилаларига оид бўлиб, милоддан аввалги II-I асрларга оиддир.
"Ушбу ҳудудда бронза қозонларнинг аниқланиши биринчи маротаба эмас. Қароқчи тоғининг Қўшработ туманидан ўтган қисми ён бағрида жойлашган Сирлибойтепадан, Паяриқ туманидаги Кўктепа археологик ёдгорлигидан ҳам сакларга оид бронза қозонлар топилган. Шунингдек, 2017 йилда Каттақўрғон туманининг Оқтов тоғларига туташ Йилқиҳайдар қишлоғидан ҳам маҳаллий аҳоли томонидан топилган сакларнинг бронза қозони музей-қўриқхонага топширилган",- дейилади хабарда.