Ссылки доступа

ЕИ Марказий Осиё орқали Россияни четлаб ўтувчи транспорт йўлакларини ривожлантиради


Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари Россияни четлаб ўтувчи транспорт йўлакларини ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдор. Бу ҳақда Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель ўз мақоласида маълум қилди.

Унинг фикрича, Марказий Осиё ўз муносабатларини диверсификация қилишга интилмоқда ва Европа Иттифоқини “энг маъқул партнёр” сифатида кўрмоқда. Европа Иттифоқи ҳам минтақалар - биринчи навбатда энерготашувчилар ва “ўта муҳим хом ашё” манбалари билан муносабатларни кучайтиришдан манфаатдор.

Боррелнинг айтишича, айни пайтда мавжуд муносабатлар жуда заифдир. Марказий Осиё давлатларининг кўпчилиги Европа ва Жаҳон бозорига фақат Россия орқали чиқиш имкониятига эга. “Лекин ўта қарамлик ва танловнинг мавжуд эмаслиги қимматга тушади – биз бу аччиқ сабоқни ўзлаштириб олдик”, деб ёзди Боррел.

У ўз мақоласида асосан Хитой ва Европани Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали ўзаро боғлайдиган Транскаспий йўлаги тўғрисида гапирди. Боррелнинг таъкидлашича, Европа қайта қуриш ва тараққиёт банки айни пайтда мазкур йўлакнинг техник-иқтисодий асосламаси устида ишламоқда.

Боррелнинг ёзишича, Россия ва Хитой Марказий Осиёда “муҳим роль ўйнаган ва ўйнаб келмоқда”. Бироқ Европа Иттифоқи Марказий Осиёнинг “асосий савдо ва инвестиция ҳамкорига айланиб улгурди”. Унга кўра, сўнгги ўн йилда Европа Иттифоқи минтақага юз миллиард евродан кўпроқ инвестиция киритган, бу эса Россия ва Хитой улушидан “анчагина кўп”дир. Европа Иттифоқи яна 300 миллиард еврогача маблағ ажратишни режалаштирмоқда.

Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Ғарб санкциялари остида қолди ва бунинг ортидан Осиё давлатлари билан ҳамкорликни кучайтиришга эътибор қарата бошлади. Ноябрда Остонада илк маротаба “Россия-Марказий Осиё саммити ўтказилди. Саммитда президент Владимир Путин “Россия Марказий Осиё иқтисодиётининг етакчи инвестори ҳисобланади: бизнинг умумий инвестицияларимиз беш миллиард доллар атрофида”, деб баёнот берган.

Жозеп Боррель 17 ноябрда Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан бўлиб ўтган Самарқанд анжуманида Европа Иттифоқи 18 ноябрь куни Самарқандда ўтадиган ЕИ ва Марказий Осиё ҳамкорлиги анжуманида минтақа давлатлари учун конкрет лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этиши ҳақида билдирган эди.

XS
SM
MD
LG