Бош прокуратуранинг билдиришича, Жиноят кодексининг 154-моддаси биринчи қисмига кўра ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жиноят кодексининг 154-1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.
“Шунга кўра, чет мамлакатларда бўлиб турган ҳамюртларимиздан ҳарбийлашган тузилмаларга ёлланмасликка, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликка чақирамиз ва бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида яна бир бор огоҳлантирамиз”,-дейлади Бош прокуратура билдирувида.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси фуқароларни ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликка чақирган эди. Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги эса Россиядаги Ўзбекистон фуқароларидан рухсат берилмаган оммавий намойишларда иштирок этмасликни сўради.
21 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман сафарбарлик эълон қилган эди. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу сафарбарлик доирасида захирадаги 300 минг киши армияга чақирилишини билдирди.
Шундан сўнг Россиянинг кўплаб шаҳарларида сафарбарликка қарши норозилик намойишлари ўтказилди. ОВД-инфонинг билдиришича, 21 сентябрь куни 38 та шаҳарда ўтган норозилик намойишларида иштирок этган 1300 дан ортиқ киши қўлга олинди.
Россия президенти Владимир Путин 21 сентябрь куни Украинадаги уруш фонида мамлакатда қисман сафарбарлик эълон қилиши ортидан Ўзбекистон Бош прокуратураси ўзбекистонлик мигрантларни хориж армиясига ёлланганлар 10 йилгача қамалишидан огоҳлантирди.