Ссылки доступа

Олмаотада яна бир қорақалпоқ фаоли ҳибсга олинди


Қорақалпоғистонлик фаол Райса Ҳудайбергенова
Қорақалпоғистонлик фаол Райса Ҳудайбергенова

Ўртоқлашинг Қорақалпоғистонда июль ойи бошида рўй берган оммавий норозилик намойишлари юзасидан Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида яна бир қорақалпоғистонлик фаол ҳибсга олинган.

Қозоғистондаги қорақалпоқлар диаспораси вакили Оқилбек Муратовнинг Озодликка маълум қилишича, 16 сентябрь куни Райса Ҳудайбергеновани хавфсизлик ходимлари у ишлаб келган шифохонадан олиб кетишган.

Ҳудайбергенова Олмаотадаги Нурадин Дўсжанов номидаги Тиббий марказда врач-кардиолог бўлиб ишлаб келган.

Бундан олдин Қозоғистонда фаоллар Қўшқарбай Тўремуратов ва Жангелди Жаксимбетовлар 13 сентабрь куни уйларидан олиб кетилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.
Қўшқарбай Тўремуратовнинг рафиқаси Қалия Мангибаева Озодлик билан суҳбатда эрига Ўзбекистон Жиноят кодексининг икки моддаси - “Конституциявий тузумга тажовуз” (159-модда) ва “Жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллар тайёрлаш” (244-модда) бўйича айблов қўйилганини айтган.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги қорақалпоғистонлик фаолларнинг ҳибсга олинганини ҳануз изоҳлагани йўқ.

Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги ҳам Озодликнинг ёзма сўровини жавобсиз қолдирди.

Қозоғистондаги қорақалпоқлар диаспораси вакили Оқилбек Муратовнинг Озодликка айтишича, ҳибсга олинган фаоллар Олмаотада узоқ вақтдан бери яшаб келишади.

Июль ойининг бошида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши оммавий норозилик чиқишлари хавфсизлик кучлари томонидан бостирилганди.

Нукус воқеалари мустақил Ўзбекистоннинг янги тарихида 2005 йил майидаги Андижон қатлиомидан кейин энг қонлиси бўлди.

Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, 1-2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.

Ўзбек расмийлари намойишчиларга қарата ўт очилганини рад этишган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш этган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев воқеаларда “ташқи кучлар”ни айблаган. Мирзиёевга кўра, оммавий норозилик намойишларини ташкиллашга ташқи кучлар томонидан йиллар давомида тайёргарлик кўрилган.

XS
SM
MD
LG