Ссылки доступа

Нукус воқеаларини ўрганаётган комиссия аъзолари Даулетмурат Тажимуратов билан учрашишди


Қорақалпоғистонда июль ойи бошида бўлиб ўтган воқеаларни ўрганаётган Комиссия аъзолари Урганч шаҳридаги 11-сон тергов ҳибсхонасида Нукус воқеаларидаги асосий фигуралардан бири ўлароқ кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов билан учрашишган.

Бу ҳақда маълум қилган Омбудсман ахборот хизмати учрашув ўтказилган санага аниқлик киритган эмас.

Қайд этилишича, учрашув давомида Даулетмурат Тажимуратов адвокат билан таъминлангани ва адвокатининг у билан учрашишида ҳеч қандай қаршиликлар йўқлигини, оила аъзолари билан ҳам қисқа муддатли учрашув ўтказилганлигини ҳамда посилка ва йўқловлар олаётганини маълум қилган.

Хабарномада Тажимуратов тергов ҳаракатлари давомида ва тергов ҳибсхонасида ўзига нисбатан ҳеч қандай қийноқ, босим ёки тазйиқлар бўлмаганини айтгани иддао қилинган. Шунингдек, айтилишича, у овқатларнинг сифати ва ҳибсхонадаги бошқа шароитларга ҳеч қандай эътирози йўқлигини билдирган.

Нукус воқеаларида гумондор сифатида ҳибсга олинган фаол Даулетмурат Тажимуратов бўлажак референдумда Ўзбекистон конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгаришига қарши бўлган ватандошларини 5 июль куни тинч митингга чиқишга чақиргани билан танилган. Бу чақириқ ортидан у тутиб кетилган ва айнан Тажимуратовнинг тутиб кетилиши ортидан Нукусдаги норозилик оммавий тус олгани айтилади.

XS
SM
MD
LG