Ссылки доступа

Ўзбекистон элчихонаси муҳожирларни ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш жиноят эканидан огоҳлантирди


Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ўзбекистонликларни хорижий давлатлар ҳудудида кўнгилли батальон тузиш ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш жиноят эканидан огоҳлантирди.

Элчихона сайтида эълон қилинган махсус пресс-релизда қайд этилишича, Ўзбекистон Жиноят кодекси 154-моддасига асосан ўзга давлат ҳудудларидаги кўнгилли батальонларда ва жанговар ҳаракатларда иштирок этиш “ёлланиш” сифатида малакаланади.

“Ёлланган”ларга нисбатан Жиноят кодексида ўн йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилади.

“Элчихона юртдошларимизни провокацияларга берилмасликка, эҳтиёткорлик билан иш кўришга чақиради”, дейилган хабарда.

Аввалроқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳам Россиядаги ўзбекистонликларни турли кўнгилли батальонларда иштирок этмасликка чақирган эди.

Элчихона ва агентликнинг бундай баёнотлар билан чиқишига Пермдаги ўзбеклар “Амир Темур” номидаги батальон ташкил қилиб, Украинага қарши урушмоқчи экани тўғрисида Vetta телеканали эълон қилган видео сабаб бўлди.

Видеода “Пермь ўлкаси ўзбекларининг Марказий Осиё жамияти” етакчиси Жаҳонгир Жалолов шундай таклифни илгари сургани, залда ўтирган бир неча ўн киши эса унинг сўзларини қарсақлар билан кутиб олгани акс этган.

“Фарзандларимиз болалар боғчаларига боришяпти, мактаб ва университетларда таълим олишмоқда. Биз Россияда яшаяпмиз, ишлаяпмиз. Еган нонимизни оқлашимиз керак, оқлашимиз шарт. Шу боис кўнгиллилардан батальон тузишни ва унга буюк Амир Темур номини беришни таклиф қиламан”,-деган Жаҳонгир Жалолов.

XS
SM
MD
LG