Ссылки доступа

“Ижтимоий истеъмол нормаси” 1 июлдан жорий этиладиган бўлди. Электр ва газ қимматлайди


Ўзбекистонда «Ижтимоий истеъмол нормаси” 1 июлдан жорий этилади ва бунинг ортидан коммунал хизматлар нархи қимматлайди.

Бу борадаги “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида” ҳукумат қарори лойиҳаси 31 майдан 15 июнгача Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинди.

Ҳукумат қарори лойиҳасида аҳолига 2022 йилнинг 1 июлидан бошлаб электр қуввати ва таббий газ табақалаштирилган нарх асосида “ижтимоий истеъмол нормаси”га амал қилинган ҳолда берилиши таъкидланган.

Қарорда маълум қилинишича, 1 июлдан 1 киловатт-соат электрга овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшайдиган маиший истеъмолчилар 165 сўмдан ҳақ тўлайди.

Қолган маиший истеъмолчилар ойига 250 кВт соатгача 325 сўм, ойига 250 кВт соатдан юқори ҳар 1 кВт соат учун 650 сўмдан тўлайди. Айни пайтда Ўзбекистонда 1 кВт соат электр қуввати нархи 295 сўмни ташкил этади.

Ҳукумат қарорида 250 кВт соатгача 325 сўм тўланадими ёки 250 кВт соатгача бўлган миқдорнинг ҳар бир киловаттига 325 сўмдан тўланадими, деган савол жавобсиз қолган.

Аммо расмий изоҳдан аниқланишича, ойига 250 кВт соатгача электр ишлатадиган хонадонлар тўлайдиган ҳақ миқдори ойига 7,5 минг сўмга ошади.

300 кВт соатгача ишлатадиганлар учун қўшимча харажат ойига 25 минг сўмга, 400 кВт соатгача электр ишлатадиганлар учун қўшимча харажат ойига 61 минг сўмга кўпаяди.

Шунингдек, газ нархи истиш мавсумида ҳисобга олиш ускуналари мавжуд бўлган аҳолига ойига 700 куб метргача бўлган меъёрнинг 1 куб метри учун 410 сўмдан, ойига 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун 1200 сўмдан белгиланди.

Иситиш мавсумидан ташқари пайтларда ойига 200 куб метргача бўлган меъёрнинг 1 куб метри учун 410 сўмдан, ойига 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун 1200 сўмдан тўланади.

18 май куни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия ҳамда Энергетика вазирликлари энергетика соҳасини ислоҳ қилиш масалалари бўйича пресс-релиз эълон қилган эди.

Мазкур релизда таъкидланишича: “Энергия истеъмол қилишнинг ижтимоий нормаси деганда аҳоли томонидан имтиёзли тариф бўйича тўланадиган маълум миқдордаги энергия тушунилади. Муайян белгиланган миқдоргача нисбатан пастроқ (имтиёзли) нархда, бу миқдордан ошиғи эркин бозор нархида сотилади”.

Вазирликлар расмий баёнотида Ўзбекистонда газ ва электр энергияси учун қандай миқдорда ижтимоий норма белгиланиши аниқ айтилмаганди.

XS
SM
MD
LG