38 ёшли дурадгор Икром Холматов 22 ноябрь куни шаҳар ИИБсига чақиртирилиб, ўзи ва яна камида тўрт эркак соқолини олишга мажбурлангани ҳақида айтиб берди.
“Эшикни тақиллатиб келишди. Қанақадир аёл қидирилаётган эканми, сўроққа олиб кетишди. РОВДга олиб киргандан кейин телефонимни титишди. Ҳеч бало тополмагандан кейин расмга олди. “Энди соқолни оласан, бўлмаса, ўзимиз олиб қўямиз”, дейишди. Соқолни тартибга солиб борганман, десам, “бўлмайди бу” деди. “Олмайман”, дедим. “Отангни гапи ҳам бир тийинми сенга?”, деб босим қилди. “Отанг гапириб кетдику болам соқолини олади деб, ол”, деди. Отамни ўртага қўйишганидан кейин олишга мажбур бўлдим. Соқолимни олиб бўлганимда кейин яна суратга олди, шу билан қўйиб юборди”, - дейди Холматов.
Маълум бўлишича, 22 ноябрь куни Икром Холматов қатори ўнлаб одам Янгийўл шаҳар Ички ишлар бўлимига чақиртирилиб, ўз ихтиёрига қарши соқоли олишга мажбурланган.
Исми очиқланмаслигини истаган ўзбекистонлик фаол Янгийўл шаҳрида камида 22 нафар эркакнинг соқоли олингани ва соқолни мажбуран олдириш мунтазам тус олганини айтади.
“Кеча 22 одам шаҳар бўлимига чақиртирилиб, соқоли олинган. Асосан, диндорларнинг соқоли олиняпти. Мен билан суҳбатда бўлганларнинг кўпчилиги бу тадбир систематик эканини айтди. Яъни бу фақат кеча бўлаётган ҳолат эмас”, - дейди фаол.
Ички ишлар идораси бўлим навбатчиси суратга олиш пайтида “юз кўринишини жорий тартибга мувофиқлаштириш учун соқолини тартибга солиш сўралиши мумкин”лигини айтди.
“Юз-кўриниш учун ака, бу. Сиз айтаётган ҳолатдан хабарим йўғу, лекин расмга олаётганда соқолни тартибга солиш сўралиши мумкин, соқолни олиб ташла, деб ҳеч ким мажбурлай олмайди”, - деди ИИБ ходими.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси ҳамда Мусулмонлар идораси расмийлари Озодликка соқол олиш тадбири ҳақида изоҳ беролмасликларини айтишди.
Бу Ўзбекистонда "соқол"га қарши биринчи тадбир эмас.
Икки йил аввал Тошкентда жума намозидан сўнг ички ишлар ходимлари “Малика” савдо мажмуасида ўнлаб соқолли эркакларни тутиб олиб кетиб, соқолини олишга мажбурлагани норозиликларга сабаб бўлган ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид қилинган эди.
Шу йилнинг февраль ойида ҳам “Малика” мажмуасидаги савдогарлар соқоли мажбурлаб олингани ҳақда айтишганди.
Икки ой аввал ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳар ички ишлар бўлими тезкор штаб раҳбарига тегишли экани айтилган овозли топшириқ аудиоси тарқалиб, муҳокамага сабаб бўлганди.
Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаеванинг айтишича, ҳукуматнинг мусулмонларни соқолини олишга мажбурлаш кампанияси диндор қатлам орасида норозилик кайфиятини кучайтириши мумкин.