Ссылки доступа

Туркиядаги фаолнинг ўғли Тошкентда ҳибсга олинди. ИИВ унинг қаердалигини очиқламаяпти


Ёзувчи ва мухолифат фаоли Ислом Холбоев ўғли Жамол Холбоевнинг ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан асоссиз равишда ҳибсга олингани ва яқинлари ҳамда адвокатларига кўрсатилмаётганидан шикоят қилмоқда.

Туркияда яшаётган фаолнинг иддао қилишича,18 август куни Тошкентда қўлга олинган ўғли ҳибсхонада қийноққа солинаётган бўлиши мумкин.

Адвокатига кўра, шу кунгача Ж. Холбоевни унга кўрсатишмаган ва ҳибсга олиш, ҳибсда сақлаш қарорларига оид сўровлари жавобсиз қолдирилмоқда.

ИИВ вазирлиги матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов, Ж. Холбоевнинг ҳибсга олинишида “қонун бузилиш ҳолатлари йўқ”, деб жавоб берди, бошқа маълумот бермади.

Ёзувчи Ислом Холбоев эса, ўғлининг ҳибсга олинишини ўзининг фаолияти, хусусан, Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар, режимнинг қонунбузарликларини фош қилган китобининг Туркияда чоп этилиши билан боғламоқда.

60 яшар ёзувчи ва собиқ мухолифат фаоли Ислом Холбоевнинг Озодликка айтишича, унинг ўзи билан бирга Туркияда яшаб келаётган 32 яшар ўғли Жамол Холбоев “асоссиз равишда” қўлга олинган ва “ноқонуний равишда” ҳибсда сақланмоқда.

Холбоев, 2014 йилда Ўзбекистондан Туркияга кўчиб боргани, ўшанда 4 фарзанди, шумладан ҳибсга олинган ўғли Жамолни ҳам оиласи билан бирга олиб кетганини айтади.

Отасининг айтишича, Жамол Туркияда устачилик билан шуғулланиб келган, 2 фарзанди бор. Шу ой бошида паспортини алмаштириш учун оиласини олиб Ўзбекистонга кетган эди.

“Қайтишига бир кун қолганда - 18 август куни эрталаб соат 6 да Сергелида ижарада турган уйидан ИИВ террорга қарши кураш бўлими ходимлари олиб кетишган. Ўшандан буён уни кўрсатишгани йўқ, адвокати билан ҳам кўриштиришмаяпти. Биз ўғлимни ҳибсга олиш ҳақида санкция берувчи суд бўлган-бўлмаганлигидан ҳам бехабармиз”, дейди И. Холбоев.

Холбоевнинг айтишича, ўғлининг ҳибсга олиниш сабаблари ҳануз маълум эмас, ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг тақдири билан боғлиқ мурожаатларни жавобсиз қолдирмоқда.

Адвокат Арслон Шоймардонов ҳам Ўзбекистон Бош прокурори номига ариза йўллаган ва унда Ж. Холбоевнинг ушланишига оид мурожаатларига жавоб берилишини сўраган.

Адвокатига кўра, Ж. Холбоев ҳеч қандай террорчи ташкилотларга аъзо эмас ва айни пайтда у, ЖПКнинг 48-моддасига зид равишда “оиласи ёллаган адвокат иштирокисиз сўроқ қилинмоқда”.

ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов, Озодлик сўровига жавобан, Ж. Холбоевнинг ҳибсга олинишида “қонун бузилмагани”ни таъкидлади:

“Ҳолат прокуратура органларининг назоратида, қонун бузилиш ҳолатлари йўқ. Адвокатнинг шикояти қонуний тартибда кўриб, жавоби берилади”.

Ислом Холбоев, Ўзбекистон ИИВ адвокат сўровларига жавоб бермаётган бир пайтда терговчилар ўғлини оиласи билан гаплаштиргани ва шу орқали ўзига босим ўтказишга уринаётганини иддао қилди.

Айни пайтда Жамол Холбоевнинг қаерда сақланаётгани ва нимада гумон қилинаётгани номаълумлигича қолмоқда.

YouTube тармоғига жойлаштирилган видеода адвокати Арслон Шоймардонов Холбоев аввалига Тошкент шаҳар ИИББ тергов ҳибсхонасида ушлаб турилгани, 19 август куни у ерга борганида қўлида ордери бўлишига қарамасдан ҳимояси остидаги шахс билан кўриштирилмаганини айтади.

Унинг сўзларига кўра, ҳимояси остидаги Холбоев Жамолнинг бир неча бор тазйиқлар остида сўроқ қилинганидан хабари бор. Адвокат сўроқ жараёнида махсус хизмат ходимлари ҳам иштирок этганини айтмоқда.

Адвокатнинг айтишича, Холбоев уч суткадан кейин судга чиқарилиши ва суд унга нисбатан эҳтиёт чорасини белгилаши керак эди. “Балки дежурний адвокат билан судга олиб чиқишгандир, аммо бундан менинг хабарим йўқ”, дейди адвокат.

YouTube даги видеомурожаатида Шоймардонов Бош прокурордан ўзининг ҳимояси остидаги шахсни қонуний ҳимоя қилишига тўсқинлик қилаётганларга нисбатан чора кўриш, ўзининг адвокатлик фаолиятини амалга оширишда кўмак беришни сўрайди.

Ислом Холбоевнинг асли касби журналист. У 1980 йиллар охирида “Бирлик” халқ ҳаракати ва “Эрк” партияларининг ташкил этилишида фаол иштирок этган.

У Каримов режими мухолифатга қарши репрессияларни кучайтириши ортидан Ўзбекистонда сиёсий фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлгани ва тадбиркорлик билан шуғулланганини айтади.

Холбоев 2007 йилда ҳибсга олинган ва ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) билан 7 ярим йилга қамалган. У судда айблар исботини топмаганига қарамай, бир ярим йил умрини Каримов қамоқхонасида ўтказганини айтади.

“Судда айблар исботланмади, шундай бўлса ҳам 7 йилга қамашди. Лекин мен 1 ярим йилдан сўнг озодликка чиқарилдим ва ўшандан кейин қамоқхонада кўрганларимни ёзишга киришдим. Ислом Каримов қамоқхоналаридаги қийноқлар ҳақида 5 та китоб ёздим. Тошкентда шеърий китобим чоп қилинган. Яқинда Туркияда 5 жилдли романимнинг 1-китоби - “Тузоқ” деб номланган романим чоп этилди. Шундан сўнг босимлар бошланди. Ўғлимнинг ҳибсга олиниши ҳам шу китоб билан боғлиқ эканига ишончим комил”, дейди Ислом Холбоев.

XS
SM
MD
LG