Ссылки доступа

Хоразмдаги автозаводда ишчилар карантин пайтида ётоғи билан ишлатилмоқда (видео)


Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш учун ташкил қилинган махсус комиссия уч нафардан ортиқ одамнинг тўпланишини тақиқлаган бўлса-да​, мингдан зиёд одам ишлайдиган Хоразм автомобиль заводида ходимлар 15 кунлик сменада ётоғи билан ишлатилмоқда.

"Damas" ва "Labo" машиналари ишлаб чиқариладиган Хоразмдаги автозаводнинг исми ошкор этилишини истамаган ишчиси ўзи ва юзлаб ҳамкасби апрель ойи бошидан уйга бормасдан корхона ҳудудида ётиб ишлатилаётганини айтди:

- 15 кун 500 ишчи уйга бормасдан, ётиб қолиб бир сменада ишладик. Кеча 15 апрелда сменадан чиқдик. Ўрнимизга бошқа смена кўрпа-тўшагини олиб 15 кунга кирди. Ҳеч кимни чиқармайди. Смена бошлиқлари диванда, биз эса бетон полга тўшакни ёйиб ҳаммамиз бир жойда ухлаймиз. Юз фоиз антисанитария. Кимдир коронавирусни олиб кирса ҳаммамизга юқади, чунки ҳамма бир жойда ётиб-туряпмиз.

15 апрель куни эрталаб соат 7 ларда олинган видеотасвирларда Хазорасп туманининг Питнак шаҳридаги завод олдида юзлаб одам кўрпа-тўшагини кўтариб ишга кириб кетаётганини кўриш мумкин.

"Мана машина заводи. Йигитлар кўрпа-тўшагини кўтариб келишди, мана, кўринг. Мана бу ерда "Хуш келибсиз!", деб ёзилган. Бетон полга кўрпасини тўшаб ётишади энди", - дейди кадр ортидан гапирган эркак.

Заводнинг бошқа ходими ишчилар кунига 12 соатдан ишлатилиб, корхонада меҳнат қонунчилиги ҳам бузилаётганини айтди.

- Ҳар куни эрталаб 7 дан кечки 10 гача иш. 12 баъзида 13-14 соат ишлаймиз, табелга 8 соатдан тўлдирилиб, маош ёзилади. "Ётиб ишлашга рози бўлмасанг аризангни ёз", дейди. Ҳар холда 2 ярим миллион маош оламиз, агар ишдан ҳайдалсак шу пул ҳам йўқ. Шунга ҳамма қўрққанидан, бошлиқларга ҳеч нарса айтолмайди, - дейди заводнинг буёқ цехи ходими.

Ўзини Хоразм автомобиль заводи раҳбари ёрдамчиси деб таништирган мулозим "коронавирус карантини сабаб корхонада ходимлар ўз хоҳишларига кўра ётиб қолиб ишлаётгани, уларга уч маҳал овқат берилаётгани, хавфли вирус тарқалиши олдини олиш бўйича барча талабларга амал қилинаётганини" айтди.

Завод мулозими ишчилар қўйилган вақт меъёридан ортиқча ишлатилаётганини рад этди.

- Белгиланган вақтда ишлашади, белгиланган вақтда дам олишади. Бизнинг мақсадимиз хавфли вирус ёйилишининг олдини олган ҳолда ишни ташкил қилиш. Ҳар куни ишчилар кириб-чиқаверса кимдир касалликни олиб келиб, бошқаларга юқтириши мумкин. Ҳозир ишчилар ҳудди карантиндагидай ўз ихтиёрлари билан сменада қолиб ишлаяпти. Қолаверса, транспорт ҳам қийинку ҳозир. Автобусларда олиб келяпмиз. Ҳамма шароит бор, уч марта овқат. Менинг ўзим ҳам шу ерда ётиб қолиб ишлаяпман. Бу вақтинча, карантин тугаганидан кейин ҳаммаси аввалгидай бўлади, - деди исми очиқланмаслигини истаган Хоразм автомобиль заводи раҳбари ёрдамчиси.

Хоразм вилоятининг Ҳазорасп тумани Питнак шаҳридаги автомобиль заводи 2014 йилда очилган.

Мингдан зиёд одам ишлайдиган ва "Ўзавтосанот" акциядорлик компанияси таркибига кирувичи ушбу заводда йилига 50-60 минг "Damas" ва "Labo" машиналари ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши тузилган махсус ҳукумат комиссияси 30 мартдан бошлаб 3 нафардан ошиқ одамнинг тўпланишини тақиқлади ва одамлар орасида 2 метрлик масофа сақланиши лозимлигини билдирди.

Ҳукуматнинг бундай кўрсатмасига қарамай, "Ўзавтосаноат" таркибига кирувчи барча корхоналарда иш тўлиқ режимда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG