Ссылки доступа

Араб шайхларига Қозоғистон қўриқхона зоналарида ов қилишга рухсат берилди


Қозоғистон ҳукумати Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатарнинг тўрт шайхига 2019 йилнинг октябр-ноябрь ойларда лочинлар ёрдамида Қозоғистон қўриқхоналарида ов қилишга рухсат берди.

Бош вазир Аскар Мамин томонидан имзоланган фармойиш Қозоғистон ҳуқуқий норматив актлар ахборот-хуқуқий тизими сайтига жойлаштирилди.

Фармойишга кўра, амирлик шайхи Халифа бин Зоид Ол Наҳаёнга ов лочинлари ёрдамида Туркистон вилоятининг Арис ва Қарақтау қўриқхонасида 43та тувалоқ ва Жамбил, Қизил Ўрда ва Туркистон вилоятларидаги Жанубий Қозоғистон қўриқхонаси ҳудудларида 90та шу турдаги паррандаларни овлашга рухсат берилади.

Амирликнинг яна икки шайхи Сурур ва Сеиф бин Муҳаммад Ол Наҳаёнларнинг ҳар бирига Мангистау вилоятининг Кендерли-Каясан қўриқхонаси ҳудудида 43та тувалоқ овлашларига рухсат берилди.

Қатар шайхи Джасем Бин Хамад Бин Халифа Аль Тани эса Жамбил вилоятининг Андасой қўриқхонасида 27та тувалоқ ва Олмаота ва Жамбил вилоятларидаги Жусандала қўриқхонасида 30та шу турдаги паррандаларни овлашга рухсат олди.

Фармойишга кўра Олмаота, Жамбил, Қизил Ўрда ва Туркистон вилоятлари раҳбарларига шайхларнинг ов қилишларини ташкиллаштириш учун “зарур ёрдамларни кўрсатишлари”, Божхона хизматига эса Қозоғистонга олиб кириладиган ов лочинларини расмийлаштириш юклатилган.

Ҳар бир овланган парранда учун шайхлар Қозоғистон бюджетига 260 та ойлик Ҳисоб кўрсаткичи (656 600 тенге ёки $1700)да пул тўлайди.

Тувалоқлар йўқолиб кетиш хавфи сабаб Қозоғистон Қизил Китобига киритилган. Шунга қарамай Қозоғистон ҳукумати бир неча йилдан бери араб шайхларига бу қушларни овлашларига рухсат беради.

XS
SM
MD
LG