Бу жараëнга бевосита алоқадор мулозимнинг билдиришича¸ кейинги бир ой ичида иккита пул босиш машинасининг кетма-кет куйиб қолганига босма фабрика жойлашган Юнусобод туманида светнинг тез-тез ўчиб туриши сабаб бўлган. Тошкент молия тизимидаги бошқа бир мулозим эса¸ бунга 2000 йилларда олиб келинган бу машиналарнинг эскирганини сабаб қилиб кўрсатди.
"Давлат Белгиси" Давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси Тошкент босма фабрикасининг расмийси айни пайтда машиналарнинг ишдан чиққани хабарини "бўлмаган гап" деб атади.
Аввалроқ Тошкент босма фабрикасида янги 100 минг сўмлик купюраларни босиб чиқариш бошлангани хабар қилинган эди. 16 январ куни Олий Мажлис Сенати банкнотанинг намунаси ва дизайнини тасдиқлаган эди.
24 январ куни расмийлардан бирининг айтишича, " 20 000 лист қоғоз запас қилиб қўйилганди президент 100 минг сўмлик ҳақидаги қарорга қўл қўйишини кутиб. Складда ҳозир босилган 100 минг сўмликлар бор¸ фақат аҳолига тарқатишга етмайди - министр¸ ҳоким¸ президент аппаратидагиларга берилади булар. Бу орада машина бузилиб қолди. Мияси - плата куйди. Шунга ҳозир пул чиқмаяпти. Гендиректор Абдулла Ариповдан гап эшитган¸ ҳозир бу ерда роса жанжал. Пулни Германиядан олиб келинган спец машина босади. Бунақа машина иккита эди. Биттаси бузуқ¸ иккинчисига қоғоз формати тушмайди".
Суҳбатдошининг таъкидлашича¸ бу машиналар нархи 3 миллион евро туради ва улар платасини алмаштириш янгиси билан қарийб бир хил нархга тушади.
Суҳбатдошлар жорий вазиятда Тошкент босма фабрикаси раҳбариятининг қаттиқ босим остида қолганини айтади.