Ҳакам Зафар Нурматов 15 март кунги суд мажлисида Бобомурод Абдуллаев ишида қийноқлар бўйича комплекс суд-тиббий экспертизаси ўтказилгани, экспертиза Абдуллаевга қийноқ қўлланилгани ҳақидаги иддаоларни тасдиқламаганини айтган. Нурматовга кўра, комплекс экспертиза Абдуллаевни аввалдан касали бўлгани ва шу касали уни безовта қилаётган бўлишини кўрсатган.
Бобомурод Абдуллаев билан учрашган унинг адвокати Сергей Майоров ҳибсхонада ўз мижозига қийноқлар қўлланилган бўлишини 7 март куни суднинг биринчи маҳкамасида айтганди. Ўтказилган маҳкамада Абдуллаев баданида қийноқ белгиларини суд ҳайъатига кўрсатганидан сўнг ҳакам Зафар Нурматов суд-тиббий экспертизаси ўтказишни тайинлаган эди.
15 март кунги маҳкамани "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Абдураҳмон Ташанов кузатди. Ташановга кўра, айблов хулосасида тўрттала судланувчи давлат тўнтаришига уриниш, давлат раҳбариятини обрўсизлантиришга ҳаракат, конституциявий тузумни куч билан издан чиқариш, қуролли тўнтаришга уриниш, давлат амалдорлари шахсияти ва оилаларини обрўсизлантириш ва ҳоказоларда айбланади.
"Судда Бобомурод Абдуллаев 2003-2005 йилларда Усмон Ҳақназар тахаллуси билан мақолалар ёзганини тан олди. Абдуллаев тергов жараёнида қийноққа солингани ва кўрсатмалар қийноқ остида олингани, сентябрь ойида уйи олдидан ўғирлаб кетилганини айтди. Ҳибсга олишганида қаердаман, деса "Салимбойнинг подвалидасан", деб айтишган. Икки кундан сўнг тергов изоляторига олиб боришгани, Пўлат Бобожонов (Ички ишлар вазири - таҳр.) ва Ихтиёр Абдуллаевга (ДХХ раиси - таҳр.) қарши кўрсатма беришга мажбур қилишганини айтди", - деди Ташанов.
Журналист Бобомурод Абдуллаев¸ блогер Ҳаëт Насриддинов¸ тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоëровлар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддаси (Конституциявий тузумга тажовуз) бўйича айбланмоқда. Ушбу модда бўйича ҳукм қилинганларга 20 йил қамоқ муддати кўзда тутилган.