Бу ҳақда Алмазбек Атамбаевнинг вакили Нурбек Сидиқов баёнот берди. «Бу қонунда кўрсатилган. Суд ижрочиларининг айтишича, Нарин Айип мулкнинг учдан бирига эгалик қилади, шу сабабли ҳам тўловлар даъво аризаси орқали ундирилади. Агарда у оиласи билан биргаликда битта уйда истиқомат қилаётганини исботлайдиган бўлса, у ҳолда суд бу масалани кўриб чиқади ва адолатли қарор қабул қилади. Суднинг аввалги мажлисларида у оиласи билан биргаликда битта уйда истиқомат қилаётганини исботлай олмади. Агар у буни исботлай олса, у ҳолда биз унинг уйини сотиши кераклиги борасидаги даъво аризамизни қайтариб олишга тайёрмиз. Бизда унинг мол-мулкини тортиб олиш ёки эгаллаб олиш нияти йўқ. Унда [Атамбаевда] бундай фикр йўқ», -деди Сидиқов.
Унинг сўзларига қараганда, у судга мурожаат қилиб суд қарори билан ҳукм қилинганлардан даъво бўйича тўловларни ундириш мақсадида собиқ депутат Чолпон Жакупова, журналистлар Дина Маслова ва Нарин Айипларнинг уйини сотувга қўйиш лозимлиги борасида ариза берган.
Бундан аввал Октябрь туман суди судьяси ҳуқуқ ҳимоячиси Чолпан Жакупованинг мулкини сотувга қўйиш борасида ҳукм чиқарган эди. Мазкур даъво иши бўйича яна бир жавобгар журналист Нарин Айипнинг мол-мулкини сотувга қўйиш жараёнлари ҳозирча якунланмади, у бошқа кунга қолдирилди.
Нарин Айип бундан аввал баёнот бериб, уйнинг учдан бир қисми ўзига тегишли эканини, қолган қисми онасиники эканлигини билдирган эди. Унинг онаси Райла Идинова 20 февраль куни Govori.tv портали орқали видеомурожаат билан чиқди ва уйи олиб қўйиладиган бўлса, кўчада қолишини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, бош прокурор Индира Джолдубаева2017 йилнинг март-апрель ойларида бешта даъво аризаси билан чиққан ва Zanoza.kg сайти ва сайт таъсисчиларидан Алмазбек Атамбаев фойдасига 27 миллион сом товон тўланишини сўраган эди. Бошқа жавобгарлар - Чолпон Жакупова ва Омурбек Текебаевнинг икки нафар адвокатларидан яна 13 млн сом талаб қилинган эди. 30 ноябрь куни Олий суд бешта даъво аризасидан учтаси бўйича Бош прокурор фойдасига ҳукм чиқарди.